Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Айбига иқрорлик бўйича келишув тузган шахсларга енгилроқ жазо тайинланади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида жиноят-процессуал қонунчилигига айбига иқрорлик бўйича келишув инстититутини жорий қилиш кўзда тутилган эди.

 Жорий йилнинг 18 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига мамлакат қонунчилиги учун мутлақо янги механизм — айбига иқрорлик тўғрисида келишув институти жорий этилди. Айбига иқрорлик тўғрисида келишув ўта оғир жиноят ҳисобланмайдиган жиноятлар бўйича айбига иқрор бўлган, жиноятни очишга кўмаклашган ва зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан прокурор билан тузилади. Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, мазкур келишувни тузган шахсларга иқрорлик билдирилган жинояти учун назарда тутилган энг оғир жазонинг ярмидан ошмаган ҳолда жазо тайинланади.  

Айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузиш қай тартибда амалга оширилади?

Айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув гумон қилинувчи ёки айбланувчи ўз ҳаракатлари ва бераётган илтимосномаси моҳиятини англаб етган бўлса, илтимоснома ихтиёрий равишда, ҳимоячи билан маслаҳатлашувдан кейин берилган бўлса ва у ўзига нисбатан қўйилган гумон ёки айбловни, иш бўйича мавжуд далилларни, шунингдек, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини инкор этмаса, фақат гумон қилинувчи ва айбланувчининг илтимосномасига биноан тузилиши мумкин. Бу шуни англатадики, айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув фақат гумон қилинувчи ёки айбланувчинининг ташаббаси билан тузилиши мумкин ва уни мазкур келишувни тузишга бирор-бир тарзда мажбурлашга ёхуд ундашга йўл қўйилмайди.

 

Жиноят процесси иштирокчилари учун мазкур институт қандай аҳамият касб этади? Бу келишувдан ким қанчалик манфаатдор?

Давлат учун жиноят ишининг айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув билан якунланиши бир қанча афзалликлар беради. Хусусан, бу келишув жиноят процессида ҳафталаб, баъзан ойлаб давом этиши мумкин бўлган тергов жараёнлари ва суд муҳокамасини олдини олиб, жиноят ишларини тез ва осон кўрилишига олиб келади. 

Тергов ва суд жараёнларига сарф этиладиган маблағлар халқимиз тўлайдиган солиқлар эвазига шакллантирилувчи давлат бюджетидан қопланиши ҳисобга олинса, ушбу янгиликнинг фойдали жиҳати янада равшанлашади. Шундай бўлса-да, давлат нуқтаи назаридан олиб қараганда, жиноят ишининг мазкур келишув билан якунланиши содир этилган жиноятга объектив баҳо беришдан мақсадли чекинилганликни англатади, бу эса жиноятга жазо тайинлашда одиллик принципини сўроқ остида қолдириши мумкин.  

Бундан ташқари, гарчи айбига иқрорлик тўғрисидаги келишувда гумон қилинувчи (айбланувчи) прокурор кутганидан енгилроқ жиноятга иқрорлик билдирса-да, бу барибир айблов ҳукми кафолатланганини билдиради. Одатдаги жиноят ишларида эса тергов жараёнларида шахснинг жиноят содир этиш да айбдорлиги аниқ ва инкор қилиб бўлмас далиллар билан исботланган  бўлсада, суд якунда қандай қарорга келишини олиндан билиб бўлмайди.

 Юқорида таъкидланганидек, гумон қилинувчи ёки айбланувчи айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузса, унга иқрорлик билдирилган жинояти учун Жиноят кодексида назарда тутилган энг оғир жазонинг ярмидан ошмаган миқдорда жазо берилади.

Айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув эса ҳеч қандай таваккалчиликларсиз одатдаги суд муҳокамаси натижасида тушиб қолиши мумкин бўлган оғирроқ вазиятдан айбланувчини қутқаради. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Жиноят-процессуал қонунчилигига мазкур институтнинг киритилишини жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган яна бир қадам сифатида эътироф этиш мумкин.

 Мардонбек Эргашбоев,

Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиали талабаси.