Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Аёллар мардикор бозорлари - уят эмас, эҳтиёж

Шу кунларда тақдир ва шароит тақозоси билан мардикор бозорга чиққан аёллар ҳақида блоглар ва сайтларда таъсирли материаллар бериляпти. Раҳмингиз келади, нималардандир норози бўласиз, жаҳлингиз чиқади, дейди @shahnozxon.

Лекин бўёқларни артиб ташлаб, ҳолатнинг ўзига ҳиссиётларсиз баҳо берсак, муаммо кўринганидек аянчли, ечими туюлганидек қийин эмасдек, назаримда.

Аввало, бир нарсани аниқлаштириб олсак. Мардикор бозорига чиқадиган аёллар асосан ўзларига хос ишлар учун ёлланади. Ҳар ҳолда, шаҳарда шундай. Албатта, эркаклардан камроқ пул олади деб ғишт қуйиш, лўмбоз ва юк ташиш каби оғир ишларга уларни ёллайдиганлар ҳам учраши мумкин. Лекин бу одатдан кўра истисно.

Шаҳардаги аёллар мардикорлиги асосан уй юмушлари – “уй кўтарар”, банка ёпар, таъмирдан кейин уйни тозалаш, гилам ювиш, тўй юмушлари, меҳмон кутишда дастёрлик каби ишлар.

Мардикор бозори – меҳнат бозори. У ерга эҳтиёж доим бор. Бу меҳнат бозорини шунчаки, тартибга солиш керак. Токи, аёллар кўчада изиллаб иш изламасин. Дуч келган аблаҳ уларни мардикорлик учун ёллаб, кейин бошқа ишларга мажбурламасин. Пулини ололмаса, арз қилиш учун асоси бўлсин. Хуллас, бу аёллар меҳнатини муҳофазалаш керак.

Бунинг учун арзимас шароит талаб қилинади: минимал жиҳозланган (ёзда салқин, қишда иссиқ) бино, бозорга кириш-чиқишни суратга олиб турадиган камера, турникет ва ишчи ёллаш билан шуғулланадиган фирмалар (Чилонзордаги “Интегро” савдо марказига кўчиб келган уйбозорни эсланг).

Бунинг учун давлатдан нима талаб қилинади? Айтарлик ҳеч нима. Шунчаки иш изловчи билан ишчи изловчи бир-бирини қулай шароитда топа олишига халақит берилмаса бўлди.

Фирма нимага керак, одамлар шундоқ ҳам бир-бири билан топишиб кетаверади-ку, дейишингиз мумкин. Мардикор ёллаш икки фуқаро ўртасидаги ўзаро келишув асосида бўлади. Бу келишув ҳужжатлаштирилмайди. Шунинг учун бир томонда меҳнат ҳақини ололмаслик, бошқа томонда эса уйига бегона, синалмаган одамни олиб бориш билан боғлиқ хавфлар бор. Шунга кўра, одамларга келишувни ҳужжатлаштириш имконини яратиш тўғрисида сўз боряпти, холос.

Тўғри, солиқлар ва бошқа чиқимлар масаласи бор. Лекин кафолатли. Мажбурлаш эмас, бир-бирига зид икки йўл (альтернатива) сифатида бу вариант ҳам бўлиши керак. Ким таваккалчиликни ўз зиммасига олса, шунчаки, оғзаки келишув билан ишлайверсин, бунга тўсқинлик бўлмаслиги лозим. Аммо ўша келишувларни ҳам кўча-кўйда эмас, маданият билан қилинишига шароит яратиб беринг.

Ҳозир шундай фирмалар бор. Мен масалан баъзи фирмалар орқали уй тозалашга одам ёллаб тураман. Лекин улар кам ва асосан интернетда фаолият юритишади. Ўзбекистон шароитида реал ҳаётда иш берувчи ва ишловчи ўзаро учрашиб, келишиб оладиган жой керак. Отанг – бозор, онанг – бозор дейишган. Ҳамма ҳам интернетда иш битирмайди. Айниқса, мардикорликка чиққан аёлларнинг ўз хизматларини нет орқали тақдим этишга имкони йўқ. Ёлловчилар ҳам ўзлари кўриб, гаплашиб, кейин қарор қабул қилишни исташлари мумкин.