Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Айрим ўқитувчиларнинг меҳнат таътили пуллари кечиккани билан боғлиқ мурожаатлар ўрганиб чиқилди

Шу кунларда Халқ таълими вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ўқитувчилар томонидан айрим ҳудудларда меҳнат таътили пуллари кечиктирилаётганлиги юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Вазирлик томонидан мазкур мурожаатлар ўрганилганда, муаммо юзага келишига асосий сабаб аксарият ҳолларда барча ходимларга бирданига меҳнат таътили берилгани маълум бўлди (ўқитувчиларни меҳнат таътилига чиқариш режага кўра босқичма-босқич амалга оширилиши белгиланган).

Бугунги кунда, мазкур масалани тезкор ҳал этиш ҳамда муаммони бартараф этиш мақсадида, ҳудудлардан олинган ҳисоб-китоб ва талабномаларга асосан Халқ таълим вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан биргаликда зарур маблағларни етарли даражада ажратиш чоралари кўрилди. 

Умумтаълим мактаблари ходимларига белгиланган тўловлар бугун, жума куни ва душанба тушлик вақтигача тўлиқ амалга оширилишини маълум қиламиз. 

Ундан кейин ҳам шу масала бўйича муаммолар қолиб кетган тақдирда, 12 июль куни тушликдан сўнг Вазирликнинг ишонч телефон рақами 71 202 09 09 ёхуд ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаси орқали мурожаат қилишингиз сўралади.