БАА фонди кўмагида юқори технологик операциялар бажарилди

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида Бирлашган Араб Амирликларининг “NOOR-DUBAI” фонди молиявий кўмагида тиббий кўрик ташкил этилиб, мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда.
Мазкур фонд дунё бўйлаб кўз касалликларини даволаш ва олдини олиш бўйича дастурларни, шу жумладан оммавий скрининглар, бепул жарроҳлик амалиёти, кўз касалликларининг олдини олиш учун дори-дармонларни тарқатиш ва тиббиёт ходимларини ўқитиш каби вазифаларни амалга оширади.
“NOOR-DUBAI” ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази билан яқин ҳамкорлик қилиб, кўз касалликларидан азият чекаётган юртдошларимизга жарроҳлик йўли билан офтальмологик ёрдам кўрсатиб келмоқда.
– Фонд ёрдамида ташкил этилган навбатдаги мурувват акцияси Тошкент шаҳида – Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказида бошланиб, шу кунларда Самарқандда, бизнинг муассасамизда давом этмоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори Ботир Тўхтаев. – Бу ерда Самарқанд, Бухоро, Навоий ва Жиззах вилоятларида яшовчи, кўз катарактаси хасталигига учраган беморлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Акциянинг дастлабки кунида тўрт вилоятдан келган 60 дан ортиқ бемор операция қилинди. Яна 50 нафарга яқин беморда бугун жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.
Фонд вакиллари ва Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари кўрик давомида аҳолига тиббий маслаҳат ва тавсиялар ҳам бермоқда.
– Кейинги пайтда кўзларим оғриб, кўришда нуқсон пайдо бўлаётганди, – дейди Бухоро вилоятидан келган Обид Қурбонов. – Бугунги мурувват акцияси доирасидаги кўрикда мутахассислар чап кўзимда катаракта борлигини аниқлаб, операция қилиш кераклигини айтишди. Энг муҳими, бу амалиёт бепул бажарилар экан. Тиббиёт ходимларининг юқори малака ва тажрибага эга эканлигини алоҳида таъкидлашни истардим. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиздан миннатдормиз.