Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Банкдан Россияга жўнатган 20 минг доллар пулим изсиз йўқолди 

Тадбиркорман. Фаолият юритишимда зарур бўлганлиги боис Россиядан замонавий асбоб-ускуналар харид қилишимга тўғри келди. Бунинг учун айни вақтда Москва шаҳрида ишлаётган қайнсинглим Зарнигор Ваҳобова номига пул жўнатишим лозим эди. Шу мақсадда жорий йилнинг 2 ва 3 февраль кунлари “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Самарқанд вилояти Амир Темур филиалига бордим.

Банк ходимларига Россияга 20 минг АҚШ доллари жўнатишим кераклигини айтганимда улар “Бунча катта валюта суммасини бир киши бир кунда четга жўнатиши қонунчилигимизда кўзда тутилмаган. Бир фуқаро фақат 5 минг доллар жўнатиши мумкин”, дейишди.

Қонун-қонун-да, рози бўлдим ва турмуш ўртоғимни банкка чақириб, у билан бирга “CONTACT” халқаро пул ўтказмаси орқали биринчи кун 5 минг доллардан жами 10 минг, иккинчи куни яна шу банкдан қолган 10 минг долларни жўнатдик. Бунинг учун 100 АҚШ доллари хизмат ҳақи тўладим. Тўрт марта 5 минг доллардан амалга оширилган пул жўнатмаси учун алоҳида-алоҳида код рақами беришди. Банкдан чиқиб “Уйга боргандан кейин Зарнигорга телефон қилиб, ушбу жўнатмаларнинг код рақамлари ва суммасини айтамиз”, дедик ва йўлга чиқдик. Орадан 1,5 соат ўтгач, телефон рақамимга “Сиз жўнатган пул ечиб олинди”, деган мазмунда СМС хабари келди.

Ҳайрон қолдим: ахир биз ҳали Зарнигорга пул жўнатганимизни, унинг миқдори қанчалиги, банкдан олиш учун код рақамларини айтмадик-ку. У пулни қандай олди экан?.. Дарҳол у билан телефон орқали боғландик. Табиийки, Зарнигор ишхонасида эканлигини, унинг номига қачон, қанча пул жўнатганимизни билмаслиги, шу боис банкка бормаганлиги ва пулни олмаганлигини айтди. Балки СМС хабари нотўғри келгандир, деган фикр билан уни Москвадаги банкка бориб, биз жўнатган кодлар ва суммани айтишини тайинладик. Афсуски, у борса банк ходими ҳақиқатан ҳам бу ўтказмалар бўйича келган пул олинганини билдирибди.  

Эртаси куни “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Амир Темур филиалига бориб, бўлган ҳолатни тушунтирдим. Банкдагилар “Сиз Зарнигор Ваҳобова номига жўнатган бўлсангиз, ундан бошқа одам пулни олиши мумкин эмас”, дея жавоб беришди. Шундан кейин югур-югур бошланди. Аниқланишича, мен пулни “CONTACT” халқаро пул ўтказмаси орқали манзилсиз тарзда Москвага жўнатганман (бу мижозларга қулайлик тарзида амал қилинаркан), уни Россиянинг ҳар қандай нуқтасидан олиш мумкин экан. Шунинг учун пул Россиянинг Самара область Жигуловский шаҳридаги “КС” банкидан ечиб олинган. Лекин пулни Москва шаҳрида ишлаётган қайнсинглим 1000 километр олисдаги банкка бориб олмаганлиги аниқ. Яъни, пулни бошқа киши ноқонуний йўллар билан олган.

Бу борада кўмак сўраб аввал филиал бошлиғи, кейин банкнинг вилоят филиали раҳбари, Марказий банк вилоят бошқармасига бордим, муаммо ҳал бўлавермагач, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилдим. Уларнинг оғзаки ҳам, ёзма ҳам жавоби битта: “Пулни қайнсинглингиз олган, бу ҳақда “CONTACT” халқаро пул тизимининг асословчи ҳужжатлари бор!”.

Аммо банк раҳбару ходимлари менга ана шу асослантирувчи ҳужжатни кўрсата олмаяпти. Мен эса мана, тўрт ярим ойдирки, сарсонман. “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Амир Темур филиали бошқарувчиси Ф.Ҳамидов “Қайнсинглингиз Самара областидаги пул ечиб олинган “КС” банкига мурожаат қилсин”, дейди. Хўш, нега? Банклар-чи? Ахир мен шу суммани жўнатиш учун банкка 100 АҚШ доллари хизмат ҳақи тўладим, бу сумманинг бир қисми ўзларида қолса, бир қисми Россиядаги ҳамкорлик қилаётган ўша банклар ҳисоб рақамига тушганку. Қани бу ерда мижознинг ҳимояси, манфаати? Нега улар фирибгарлик ёки ўғрилик содир бўлаётганини эшитган заҳоти ҳолат билан жиддий шуғулланишмайди? Бу ҳолатдан мижоздан кўра улар кўпроқ ташвишга тушиши керак эмасми? Чунки бу ҳолат орқали банкнинг, “CONTACT” халқаро пул ўтказмасининг обрў ва манфаатларига путур етади-ку.

Хуллас, мен банк ходимларидан масалага ойдинлик киритадиган биргина ҳолатни талаб қиляпман. Бу – Самаранинг Жигуловский шаҳридаги “КС” банкидан мен жўнатган пулни ким олган? Қайнсинглим Зарнигор Ваҳобовами? Банк ходимими? Бошқа одамми? Буни аниқлаш асло қийин эмас. Бунинг учун ўша вақтдаги видеолавҳа керак, холос. Чунки “КС” банкидан пул олинган сана ва вақт аниқ. Демак, шу вақтда банкка ким келган ва ким олган? Қайнсинглим бўлса, унинг пулни олиш учун паспорт нусхаси, имзоси бўлади. Бошқа бўлса, масала ойдинлашади.

Рости, ўтган вақт давомида шубҳалар остида азоб чекяпман. Тадбиркорлигим ҳам бир неча йилларга ортга кетгани ҳам бор гап. Қолаверса, 20 минг АҚШ доллари оз пул эмас, бир тадбиркорни ё бор, ё йўқ қилади. Масала ечимида мутасаддилардан кўмак сўрайман.

Наврўз Абдуллаев,

Самарқанд шаҳри.