Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бахшичилик фестивалида миллий анъаналаримиз, кўҳна Самарқанд томошабинлар эътиборида

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида бугун бошланадиган II-Халқаро бахшичилик санъати фестивалида Абдуалим Бекмуродов, Шавкат Бобомуродов, Сайим Эргашев каби қўшработлик, нурободлик ва булунғурлик номдор бахшилар, ҳунармандлар, театр актёрлари, хонандалар муносиб иштирок этмоқда.

Самарқанд вилоятига ажратилган ҳудудда кўҳна Тиллакори мадрасаси, ҳунармандлар растаси ҳамда уларнинг ясаган маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

Самарқанд деганда, албатта, унинг ўзига хос ва хуштаъм нонлари ҳам кўз олдимизга келади. Эътиборлиси, мазкур майдонда 600 дан зиёд Самарқанд нонлари кўргазмаси ҳам фестивал иштирокчилари ва томошабинларни бефарқ қолдирмади.

Театр актёрлари томонидан тайёрланган тарихий саҳна кўринишлари, бобомиз Амир Темур ва Улуғбек сиймолари, мақом ансамбли ва самарқандлик хонандаларнинг дилтортар куй-қўшиқлари, миллий анъана ва қадриятларимизни намойиш этаётган “Чавқи” ва “Бешқарсак” фольклор жамоаларининг чиқишлари барчани даврага чорламоқда.

Фестиваль 20 октябргача давом этади.

Хуршид Гадоев.