Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бегона ўтлар туфайли 50 фоизгача маҳсулот нобуд бўлади

- Экин майдонларимизни “Зарпечак” бегона ўти қоплаб оляпти, буни бартараф этишнинг қандай самарали усуллари бор?

Н.ХОЛМАТОВ,

Оқдарё тумани.

- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар йили қишлоқ хўжалигида етиштирилган 30 фоиздан, ривожланмаган давлатларда эса 50 фоиздан ортиқ маҳсулот зарарли организмлар томонидан нобут бўлмоқда. Шу боис ўсимликларни турли зараркунандалардан асраш муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада вилоятимизда ҳам қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий зарар етказаётган “Зарпечак”, “Судралувчи какра” ва “Эрмон баргли амброзия” бегона ўтларига қарши “Долзарб ўн беш кунлик” карантин тадбирлари самарали олиб борилмоқда. Бунинг учун вилоятимиздаги фермер хўжаликлари, аҳоли томорқа майдонлари, катта йўл ва темирйўл бўйлари карантин назоратидан ўтказилиб, масъулларга бегона ўтларнинг қишлоқ хўжалик экинларига салбий таъсири тушунтирилмоқда.

Мисол учун, “Зарпечак”нинг ер шарида 274 дан ортиқ тури аниқланган. Ўзбекистонда эса шундан 17 та тури учрайди. Ундан 13 таси сабзавотларга жиддий зарар келтиради. Зарпечаклар маданий экинларда уларнинг танасига гаусториялари ёрдамида ёпишиб, органик ва ноорганик моддаларини сўриб озиқланади, ўсимликни нимжонлаштиради, ўсишдан қолдиради. Оқибатда ўсимлик бутунлай қуриб қолади. Унинг таркибида “кускудин” ва “кусталин” каби алколоид моддалари мавжудлиги боис улар ем-хашак ва силосларга аралашиб кетилганда ҳайвонларда заҳарланиш содир бўлади.

Бу бегона ўт уруғлари асосан зарарланган маданий ўсимлик уруғларни экиш, ҳайвонлар, қушлар орқали узоқ оралиққа тарқалишидан ва тўлиқ чиримаган ўғитларни далаларга чиқариш натижасида тез кўпаяди. Шу боис экиладиган барча уруғлар зарпечак уруғидан тозаланиб, далаларга чиқариладиган ўғитлар фақат компост ҳолатида бўлиши керак. Бундан ташқари, бу бегона ўтнинг уруғлари сув орқали, қишлоқ хўжалик техникалари ва бошқа йўллар билан ҳам тарқалиши мумкин.

Бунинг олдини олиш учун мутахассислар кимёвий воситалар ёрдамида кураш олиб боришмоқда. Лекин биратула барча ҳудудни қамраб олишнинг имкони йўқ. Шунинг учун унга қарши курашишнинг энг самарали усули ҳар бир фермер, томорқачи ва ер эгаси экин майдонида бу бегона ўт кўпайишининг олдини олиш учун агротехник тадбирлардан фойдаланган ҳолда, ўсимликларни зарпечакдан тозалаб, дала четига кўмиб ташлаш лозим.

Саволга вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходими Акрам ФОЗИЛОВ жавоб берди.