Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Беш йилда Самарқанд иқтисодиёти қанча ўсди?

Фикри теран ҳар бир киши ҳаётимизга одилона назар ташласа, мустақиллик даврида, хусусан, кейинги 4-5 йил ичида мамлакатда рўй берган ижобий ўзгаришларни англаб олиши қийин эмас. Халқимиз турли синов ва машаққатларни мардона енгиб, катта тараққиёт босқичларини босиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган оқилона сиёсат, ўз вақтида қабул қилинган фармон ва қарорлар ҳамда бу борада белгиланган чора-тадбирлар натижасида барча соҳаларда юксак ютуқларга эришилмоқда. Жумладан, фуқароларнинг ҳаёт даражаси, сиёсий-ижтимоий фаоллиги ошиб бормоқда. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мустақиллик йилларида вилоятда амалга оширилган ишлар натижасида бир қатор йўналишларда ўсишга эришилди. Рақамларга қарайдиган бўлсак, биргина 2016-2021 йилларда вилоятимизда ялпи ҳудудий маҳсулотлар 2,0, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,4, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 2,2 баробарга кўпайган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,9, асосий капиталга инвестициялар ҳажми 3,7, қурилиш ишлари 2,5, чакана савдо айланмаси 2,1, хизматлар ҳажми 2, ташқи савдо айланмаси 2, экспорт 2 баробарга ошган.

Президентимиз ташаббуси билан вилоятнинг ўсиш нуқталари, яъни драйверлари аниқланиб, фаол инвестиция сиёсатини юритиш мақсадида 2021 йил учун ҳам аниқ мақсадга қаратилган режалар белгилаб олинди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15-16 апрель кунлари Самарқандга ташрифи давомида вилоятнинг саноат салоҳиятини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида берилган топшириқларига асосан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудуди кенгайтирилмоқда. Ҳар бир туманда эркин иқтисодий зонанинг филиаллари ташкил этилмоқда. Бугунги кунда “Ургут” эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 431,4 миллион долларлик 94 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётган бўлса, келажакда янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш салмоғини бир неча баробар ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, кичик саноат зоналари ҳудудини кенгайтириш, ёшларнинг ўз бизнесига эга бўлиши, «start up» лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳар ва туманлардаги 43,1 гектар ер майдонида “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”ни ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Белгиланган режага мувофиқ, 2021 йил 1 августгача 4 та (Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Жомбой ва Ургут туманларидаги) ҳудудда ҳамда жорий йилнинг 1 сентябрига қадар қолган ҳудудларда “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зона”ларини ишга тушириш режалаштирилган.

Вилоятда туризм ва хизматлар соҳасини ривожлантириш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, умумий қиймати 352,7 миллион АҚШ доллари бўлган “Самарқанд туристик маркази”нинг ташкил этилаётганлиги туризм соҳасини ривожлантиришда катта аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, аҳолига янги ва замонавий хизмат турларини ташкил этиш мақсадида “Аутсорсинг” ва “Кейтеринг”, “Органик зона”лар ,“Ландромат”, “Глэмпинг”, “Каршеринг”, “Клининг”, “Блокчэйн”, “Консалтинг”, “Турист-такси”, “Карго” каби янги хизмат турларини жорий этиш бўйича инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Кўпгина соҳалар каби вилоятнинг инвестицион салоҳиятини ошириш учун инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва хорижий сармоядорларни жалб қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

2020 йилда вилоят бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳамда давлат кафолати остида бўлмаган хорижий кредит маблағлари ҳисобига 225,8 миллион АҚШ долларилик инвестициялар ўзлаштирилган бўлса, 2021 йилнинг январь-май ойларида 46,6 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилган. Бундан ташқари, ҳудудий дастурлар доирасида 2020 йилда 5,5 триллион сўмлик 1252 та лойиҳа ишга туширилган бўлса, 2021 йилнинг ўтган даврида 2,5 триллион сўмлик 580 та лойиҳа амалга оширилди.

Вилоятда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт ҳажми 2020 йил якуни бўйича 335,3 миллион доллар бўлган бўлса, жорий йил бошидан буён 165,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Амалга оширилаётган ишларнинг пировард мақсади халқни рози қилиш, қулай яшаш шароити яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш. Бу йўлда барчамиз бирлашиб ҳаракат қиладиган бўлсак, юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини янада кўтаришга ҳисса қўшган бўламиз.

Ойбек Ходжаев,

вилоят ҳокимининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо

бошқармаси бошлиғи.