Билл Гейтс коронавирус билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирди
Коронавирусга даво бўлувчи муқаррар вакцина учун маблағ ажратишга тайёр бўлган Microsoft асосчиси Билл Гейтс жорий йилнинг куз фаслида бу инфекция билан боғлиқ вазият ёз фаслидагидан ёмон бўлишини таъкилдади. Бу ҳақда Fox Business агентлиги маълум қилди.
“Куз ёздан кўра оғирроқ кечади”, деди у.
Гейтснинг сўзларига кўра, касалланиш кўрсаткичлари ҳозирданоқ ўсиб бормоқда, совуқ кунлар бошланиши билан одамлар вақтларини ёпиқ хоналарда ўтказишади, бу ҳолат касалланиш сони ортишига олиб келади.
Бундан ташқари, Microsoft асосчиси вакцина пайдо бўлгунига қадар одамларда вирусга қарши кураш олиб боришнинг ягона йўл борлигини ва бу йўл ўз хатти-ҳаракатларини назорат қилиш эканлигини таъкидлади.
“Афсуски, бу борада бизда жиддий чарчоқ тўпланди, жуда кўп салбий ҳолатлар мавжуд. АҚШда ниқоб тақиш режимига амал қилишнинг ўзи етарли даражада муаммоли ҳолат”, қўшимча қилди у.
Бир муддат олдин, Билл Гейтс коронавирус пандемияси камида 2022 йилга қадар давом этиши ҳақида таъкидлаган эди.