Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Биноси бўлмаган кутубхона ким учун фаолият кўрсатяпти?

Бугун ахборот-кутубхона марказлари фаолиятини янада ривожлантириш, улардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Афсуски, ҳамма жойда ҳам бу борадаги ишлар кўнгилдагидек ташкил этилган, дея олмаймиз.

Партия вилоят кенгаши фаоллари ва депутатлари томонидан Самарқанд туманидаги ахборот-кутубхона маркази фаолиятини ўрганиш давомида бунга яна бир бор амин бўлдик.

Ахборот-кутубхона маркази туман ҳокимлигига қарашли "Ёшлар кутубхонаси" биносининг битта хонасида фаолият кўрсатмоқда. Тўғри, кутубхонада 13 нафар ходим ишлайди, шундан 6 нафари олий маълумотли, 3 нафари тугалланмаган олий, 4 нафари ўрта махсус маълумотли ходимлар. Кутубхонада ходимлар штат жадвали етарли, меҳнатга ҳақ тўлаш яхши йўлга қўйилган. Аммо...

2019 йил 7 июнда Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида" қарори чиққан. Давлат раҳбари имзолаган ҳужжатда туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларининг асосий вазифалари белгиланган.

Хусусан:

- аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш учун сифат жиҳатидан янги ва қулай шарт-шароитлар яратиш, замонавий ахборот технологиялари асосида уларнинг илмий, таълим, ахборот ва маданий эҳтиёжларини қондириш;

- аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ижтимоий мослашув ва реабилитация, мустақил таълим олиш ва мулоқот доирасини кенгайтириш воситаси сифатида ахборотдан фойдаланиш имкониятларини яратиш;

- фойдаланувчиларга ҳар қандай (босма, мультимедиа ва рақамли) ташувчиларда, шу жумладан, интернет тармоғида сифатли ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятини яратиш;

- ўз ахборот-ресурсларини яратиш ва уларни сифатли тўлдириб бориш орқали китобхонларга анъанавий хизмат кўрсатиш усулидан уларни замонавий ахборот-кутубхона хизматлари билан таъминлашга ўтиш;

- аҳолига ахборот-кутубхона хизматларини кўрсатиш бўйича масофадан хизматлар кўрсатишни ривожлантириш ва модернизация қилиш.

Афсуски, ўз биносига эга бўлмаган кутубхонадан бундай янгиликлар ҳақида сўрашнинг ўзи ортиқча. Қолаверса, Президент қарорида туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларини жойлаштиришдан ташқари, уларни компьютер техникаси ва бошқа турдаги оргтехника, мебель, шу жумладан, махсус мебель, шунингдек, тегишли кутубхона ускуналари билан жиҳозлаш бўйича талабларни ишлаб чиқиш, бунда имконияти чекланган шахсларга хизмат кўрсатиш учун ўқув залларини махсус компьютер жиҳозлари ва бошқа қўшимча воситалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш топширилган.

Савол туғилади, қарор ижроси нега таъминланмаган? 13 нафар ходимга тўланаётган ойлик маблағлар беҳуда сарф бўлмаяптими?

Биз кутубхона штат бирликлари тарафдори эмасмиз, албатта. Шу боис масала юзасидан партия депутатлик гуруҳнинг тегишли қарори қабул қилинади. Аммо ўйлаймизки, масъуллар яна топшириқ бўлишини кутмасдан, бу ҳақда тегишли чораларни кўради.

Озода Норимова,

"Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши ходими.