Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бирламчи аҳамиятга эга маҳсулотлар нархларини асоссиз оширганлар жаримага тортилади

Бу тартиб «Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида»ги Президент фармонида белгиланди.

Ҳужжат билан иқтисодиётда рақобат муҳитини янада яхшилаш ва хусусий сектор олдидаги бюрократик тўсиқларни қисқартириш мақсадида ҳам чора-тадбирлар белгиланган.

Хусусан, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, рақобатга қарши ҳаракатларни содир этган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилади:

- товар ва молия бозорида рақобатни чеклашга олиб келувчи келишувлар (келишиб олинган ҳаракатлар) ва иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш;
- товар ва молия бозоридаги устун (монопол) мавқени ҳамда юқори музокара устунлигини суиистеъмол қилганлик, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар нархларини асоссиз оширганлик ва инсофсиз рақобат;
- хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишда, қўшиб олишда ва устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) сотиб олиш бўйича битимлар тузишда рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик;
- оммавий савдоларда рақобатга зид ҳаракатлар амалга оширганлик ва монополияга қарши талабларни бузганлик.

Молиявий жарималарнинг аниқ миқдорлари ва уларни қўллаш тартибини назарда тутувчи янги таҳрирдаги «Рақобат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бир ой муддатда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.

Шунингдек, қуйидагилар учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилади:

- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан хом ашё, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини (кўрсатилишини) ноқонуний чеклаш;
- лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари, юридик шахслар бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган қарорлар қабул қилиш;
- монополияга қарши орган талабига кўра, зарур ҳужжат ва ахборотларни тақдим этмаганлик, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлик.

Охирги календарь йилида товарлар (хизматлар)ни сотишдан тушган тушуми БҲМнинг 10 минг бараваридан (2,7 миллиард сўм) ошмайдиган юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар ёхуд шахслар гуруҳини товар ёки молия бозорларида устун мавқе эгаллаган деб эътироф этилмайди ҳамда уларга нисбатан монополияга қарши чораларни қўлланилмайди.