Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бизда ветеринария соҳасида аёллар кам, Руминияда эса аксинча

Университетнинг ўқув тажриба хўжалиги қошида ишлаб чиқариш корхоналари бор. Уларда сут ва сут маҳсулотлари қайта ишланади, қадоқланади ва университет сайти орқали харидорларга сотилади. Бу ҳам тажриба, ҳам амалиёт. Қолаверса бундан университет молиявий фойда кўради ва бу маблағ таълим масканининг эҳтиёжлари, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш учун сарфланади.

Яқинда Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг 3 нафар профессор-ўқитувчилари - Ирода Бўтаева, Жасур Йўлчиев ва Одил Очилов Руминия давлатининг Клуж Напока университетида малака ошириш курсларини ўтади. Сафар таассуротлари ҳақида Ирода Бўтаева сўзлаб берди.

- Хизмат сафаримиз 2 ҳафтага мўлжалланган эди. 15 апрель куни  Руминиянинг худди Самарқандимиз каби қўҳна ва навқирон шаҳри Клуж Напокага етиб келдик. Бизни “Эрасмус” дастурининг бош координатори Симона Орос аэропортда кутиб олди ва университет меҳмонхонасига жойлаштирди. Эртаси куни университет фаолияти билан танишдик.

Клуж Напока қишлоқ хўжалик фанлари ва ветеринария медицинаси университети мамлакатнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, 1869 йилда асос солинган. Айни кунда Болонья кредит модуль тизими асосида фаолият юритаётган минтақадаги истиқболли ўқув юртларидан бири саналади.

Таълим тизими ва ўқув дастурларининг бизга ўхшаш ва фарқли жиҳатларини сезиш мумкин. Улар бакалавр йўналишида 4 йил таълим олишади, фақат ветеринария медицинаси йўналишининг бакалавриат босқичи 6 йилни ташкил этади. Демак, ветеринария врачи бўлиш учун 2 йилдан кўпроқ, яъни 6 йил тер тўкиб ўқиш лозим. Бундан кўриниб турибдики, ветеринария соҳаси мамлакатда ўта долзарб ва муҳим соҳа ҳисобланади.

Университетда 6 минг нафардан зиёд талаба-ёшлар таҳсил олади, уларнинг 400 нафарини хорижликлар ташкил қилади. Шунингдек, 400 нафарга яқин профессор ўқитувчилар фаолият кўрсатади.

1000 гектар ерни эгаллаган университет Ботаника боғида фермер хўжаликлари (қорамол, чўчқа, қўй ва парранда боқилади), ишлаб чиқариш корхоналари (сут ва гўштни қайта ишлашга ихтисослашган), вино ишлаб чиқарувчи корхона, маҳсулотларни реализация қилиш билан шуғулланадиган маркетлар, иссиқхона, ўтлар клиникаси, чорва моллари ва майда ҳайвонлар клиникалари жойлашган.

Вазият тақозосига кўра, пандемия муносабати билан университетда айни пайтда маъруза дарслари масофавий (онлайн) ташкил қилинган, лаборатория дарслари эса анъанавий.

Ўқув тажриба хўжалиги қошидаги ишлаб чиқариш корхоналарида сут ва сут маҳсулотлари қайта ишланади, қадоқланади ва университет сайти орқали ҳаридорларга сотилади. Бу ҳам тажриба, ҳам амалиёт, қолаверса бундан университет молиявий фойда кўради ва бу маблағ таълим масканининг эҳтиёжлари учун сарфланади.

Руминия университети мисолида айтиш мумкинки, бу ерда таълим ва амалиёт мутлақо бир-бирига чамбарчас боғланган ҳолда олиб борилади.  Талабалар устозлари кўмагида лаборатория машқларини бажаради.

Талабалар шаҳарчасининг ўзи ҳақида ҳам кўп таърифларни келтириш мумкин. У 20 гектар майдонда жойлашган ва антиқа рельефга эга. Турли ноёб дарахт ва ўсимликлар, буталар хиёбонларга ўзгача қиёфа беради. Талаба ёшлар ўзларини жуда эркин тутадилар, ўз даргоҳларини, яшаш жойларини жуда қадрлайдилар ва тозаликка, ички тартиб қоидаларга қатъий риоя қилишади, худди бир оила аъзоларидек. 

Менга ёққан яна бир жиҳат бор. Руминияда пайтимиз фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун диссертация ҳимояси жараёнларида иштирок этдик. Ҳимоя жуда ажойиб, жонли ва қисқа вақт мобайнида бўлиб ўтди. Албатта, савол-жавоблар бўлди, қўшимча фикрлар айтилди. Бизда эса бу жараён 3-4 соат давом этади.

Таассуротлар ҳақида яна кўп гапириш мумкин. Яна бир ҳақиқат: биздан фарқли ўлароқ, Руминияда ветеринария соҳасида аёллар жуда кўп экан.

Муҳими, биз ёш тадқиқотчилар Европа мамлакатларидан бирининг тажрибаси билан яқиндан танишдик, жараёнларда шахсан иштирок этдик.  Бу бизнинг икки олий таълим муассасаларининг келгусидаги амалий ҳамкорликлари, қолаверса ўзимизнинг илмий-тадқиқот ишларимиз, педагогик фаолиятимиз учун ҳам жуда  фойдалидир.

Гулчеҳра Бердиёрова ёзиб олди.