Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бизнес-омбудсманга тадбиркорлар асосан қайси масалаларда шикоят қилмоқда?

Самарқанддаги МЧЖлардан бири лицензия олиш юзасидан мурожаати Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими ходими томонидан ноқонуний рад қилинаётган. Бу ҳақда тадбиркор Бизнес-омбудсманга шикоят қилган.
Бизнес-омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги етакчи инспектори Жасур Турсуновнинг zarnews.uz`га маълум қилишича, мурожаат ўрганилганда, тадбиркорнинг мурожаати “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун талабига зид равишда рад қилинганлиги аниқланган. Натижада айбдор ходимга нисбатан маъмурий жазо чораси қўлланилиши ҳамда тадбиркорга тегишли лицензия расмийлаштириб берилиши таъминланган.

Шунингдек, яна бир МЧЖнинг унга берилган рухсатномалар вилоят қурилиш бош бошқармаси томонидан бир тарафлама бекор қилинганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаати ҳам Бизнес-омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги инспекторлари ўрганилиб, бошқарманинг ноқонуний чиқарилган қарори бекор қилинган ҳамда тадбиркорга берилган рухсатномалар ўз кучида қолдирилган.

Жумладан, Тадбиркор виртуал офиси орқали кўриб чиқиш учун юборилган мурожаатларни белгиланган муддатларда кўриб чиқмаганлиги, шунингдек мурожаатларни кўриб чиқиш тартибига риоя қилмаганлиги боис “Агробанк” ва “Гарантбанк”ларнинг ҳудудий филиаллари мансабдор шахсларига нисбатан жарима маъмурий жазо чораси қўлланилган.

Жасур Турсуновга кўра, йилнинг саккиз ойида Бизнес омбудсманга вилоят миқёсида 336 та мурожаат тушган ва уларнинг 295 таси кўриб чиқилиб, 95 таси қаноатлантирилган. Мурожаатларнинг асосий қисми ер ва бинолар, солиқ муносабатларига оид, суд қарорлари, суд ва бошқа органлар қарорларининг ижроси, рухсатномалар, лицензиялар ва ҳужжатларни расмийлаштириш, банк, молия ва кредит масалалари, инфратузилма, суриштирув-тергов билан боғлиқ бўлган.

Давлат идораларида ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар, шунингдек мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузган 20 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, ваколат доирасида маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида қарорлар қабул қилинган. 104 нафар шахсга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий ҳуққбузарлик тўғрисидаги баённомалар кўриб чиқиш учун суд ва бошқа идораларга юборилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ой давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида бошқа соҳалар қаторида Бизнес-омбудсман олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйилган эди.

Жумладан, икки ой муддатда Солиқ қўмитаси билан биргаликда биринчи марта хато қилган кичик бизнес вакилларига нисбатан жазо чорасини қўлламаслик, солиқ жарималари миқдорини улар томонидан тўланаётган солиқ миқдорига мутаносиб равишда белгилаш бўйича Адлия вазирлиги билан биргаликда тадбиркорларнинг таклифларини чуқур ўрганиб, текширувларнинг муддатларини қисқартириш, молиявий хато ва камчиликларнинг минимал чегаравий миқдорини белгилаш, текширув жараёнларидан тадбиркорни хабардор қилиш ва шикоятларни очиқ-ошкора кўриб чиқиш бўйича қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.