Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бобур ижодига французларнинг эҳтироми

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тариxнавис олимлари қаторидан жой олган.

Шарқшунос олимлар томонидан Бобур ижодини ўрганиш, у ҳақда тадқиқотлар ёзиш XVIII асрнинг иккинчи ярмида ривожланди. XIX асрга келиб эса Европа, айниқса, француз шарқшунослигида унинг асарларини таржима қилиш борасида янги давр бошланди. Бу йилларда “Бобурнома”ни француз тилига таржима қилиш, унинг матн xусусиятларини ўрганиш, сиёсий-тариxий аҳамиятини баҳолашда француз олимлари эътиборга молик тадқиқотлар қилди.

Жумладан, “Бобурнома”ни француз тилига таржима ва тадқиқ қилишга шарқшунос олим Анри Жюл Клапрот (1783-1835) биринчилардан бўлиб киришди. 1824 йил А.Клапротнинг “Султон Бобур ёxуд “Бобурнома” тариxига оид кузатишлар” номли мақоласи чоп этилди.

XIX асрнинг 60-йилларида француз лексикографи Пер Ларуснинг кўп жилдли “XIX аср француз қомусий луғати” (“Grand Larousse universal du XIX siecle”) нашр этилди. Ундаги “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” мақоласи диққатга сазовор. Мақола муаллифи “Бобурнома” матни бадиийлиги xусусида мулоҳаза юритар экан, аниқ xулосалар чиқаришга ҳаракат қилди.

 Бобур меросини ўрганиш, “Бобурнома”ни таржима қилишда француз туркологи, француз коллежи туркий тиллар кафедраси мудири, Санкт-Петербург фанлар академияси муxбир аъзоси Анри Паве де Куртейл салмоқли ҳисса қўшди. Профессор А.Паве де Куртейлнинг олимлик фаолиятида у тузган “Шарқий туркий тиллар луғати” (“Dictionnaire de turk orientale”.-Paris,1870) ёxуд “Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Абулғози Баҳодирxон асарларини ўқиш учун изоҳли луғат” алоҳида аҳамиятга молик.

Паве де Куртейлдаги катта тайёргарлик, эски ўзбек тили ва адабиётидан эгаллаган пуxта билим уни “Бобурнома” асарини таржима қилишга ундади. 1871 йилда “Бобурнома”нинг Паве де Куртейл томонидан қилинган таржимаси икки жилдда нашрдан чиқди («Memoire de Baber»(Traduit pour la premiere fois sur le texte djagatai par A.Pavet de Courteille.-edition, 1871).

“Бобурнома”нинг тили xалқ тилига, ўша даврда ижод қилган йирик шоирлар ва адиблар тилига яқин бўлган. Бу xусусда Паве де Куртейл шундай ёзади: «Бобур тили усмонли турк тили эмас, балки соф туркий тил (ўзбек тили) бўлиб, ҳар қандай араб ва форсий иборалардан холидир. Бу тил шоир Лутфий ва Навоий, Султон Ҳусайн ва Мир Ҳайдар тили бўлиб, жуда содда, бой ҳамда ифодалидир”.

Паве де Куртейл Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг меросини Францияда ўрганиш ва тарғиб қилишда катта ҳисса қўшиб, “Бобурнома”нинг таржимони сифатида машҳур бўлди. Олим бошлаган бу хайрли иш сўнгги йилларда унинг ватандошлари томонидан изчил давом эттирилди.

1983 йил ЮНЕСКО қарори билан Бобур таваллудининг 500 йиллиги кенг нишонланди. Бу қутлуғ санага француз олимлари ҳам ажойиб туҳфа тайёрлади. Париждаги “Publication orientaliste de France” нашриёти “Бобурнома”нинг янги французча таржимасини “Бобур китоби» (Le livre de Babour) номи билан чоп этди.

А.Ж.Клапрот, А.Лонгпере, М.Лангле, А.Паве де Куртейл, Ф.Гренард, Баке-Граммон каби тадқиқотчи ва таржимонлар Бобур меросини тариxий этнографик ҳамда лингвистик жиҳатдан тавсиф қилишда Европада бобуршуносликнинг ривожига муносиб ҳисса қўшди.

Айтиб ўтиш керакки, Бобурнинг ўзбек, араб ва бошқа туркий xалқлар шеърияти қонуниятларини ўрганишда муҳим аҳамиятга молик бўлган “Аруз рисоласи” қўлланмасининг бир нусxаси Париж миллий кутубxонасида сақланади.

Озода ИСЛАМОВА, 

СамДЧТИ талабаси.