Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бобурийлар даври - Ҳиндистон тарихи гултожи

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Алишер Навоий ижодидан баҳраманд бўлиб ўсди. Худди у каби туркий сўзларнинг нозик маъноларини теран англаган ҳолда асарлар ёзди. Шу боис, Бобурнинг илк рубоий ва ғазалларида Навоий шеъриятининг таъсирини яққол кўриш мумкин.

Жумладан, Бобур Қобулда эканида яқин қариндошлари томонидан қилинган хиёнатларни қаламга олади:

Эл билмаса ҳолатим, билур ёр,

Ҳолимдин эрур Худой огоҳ.

Қобул сори гар азимат этсанг,

Қурбон қилай ўзни санга, эй шоҳ!

Бобур яна ўтлуқ оҳ чектинг,

Куйдурмасун элни оҳ ногоҳ!

Кўринадики, Бобур ҳаётидаги турли қийинчиликлар, қарама-қаршиликлар унинг ақл чархини янада ўткирлаб, донишмандга айлантирган. У халқни маърифатга, бунёдкорликка чорлади. Маънавий ҳаётга салбий таъсир этувчи омиллардан воз кечиб, жамият ҳаётида уларни тақиқлаб қўйди. Бу билан у ҳинд халқи ҳаёти ва маданияти ривожига ҳисса қўшди. Умрининг ярмидан кўпини ватанидан йироқда – Афғонистон ва Ҳиндистонда ўтказган бўлса-да, унинг туғилган юртига муҳаббати ва она тилига садоқати сўнмади:

Не ерда бўлсанг, эй гул андадур чун жони Бобурнинг,

Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, андижонийдир.

Бобур асос солган сулола Ҳиндистонда узоқ йиллар ҳукмронлик қилиб, тарихдаги энг қудратли салтанатлардан бирига айланди. У ва авлодлари амалга оширган ишлар бугун ҳам эътироф этилмоқда. Таниқли географ Ҳ.Ҳасанов “Бобур сайёҳ ва табиатшунос” китобида таъкидлашича, «Бобурнома» орқали ўзбек мумтоз адабий тилига кирган ҳиндча, урдуча ва афғонча атамалар, ўсимлик ва ҳайвонлар номлари мингдан ортиқдир. Фан доктори Ҳ.Қудратуллаевга кўра, “Бобурнома” воқеаларида иштирок этадиган катта-кичик персонажларнинг умумий сони беш юздан ортиқ ва шу жиҳатдан уларнинг сони Л.Тольстойнинг “Уруш ва тинчлик” эпопеясида иштирок этадиган персонажларнинг умумий сонига тенг келади. Инглиз олими Валдемар Хансен "Ҳиндистон ва унинг саккиз минг йиллик тарихи бамисоли бир товус бўлса, ўша кўп минг йиллик тарихдаги Бобурийлар сулоласининг 332 йиллик ҳукмронлик даври ана шу товуснинг гултожисидир", дея таъриф беради.

Абдулваҳоб Муҳамматов,

Мухлиса Жалилова,

СамДУ талабалари.