Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Божхона юк декларациясини ўзгартиришнинг янги тартиби белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 10 февраль куни “Божхона юк декларациясини (БЮД) ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги Низом” 3220 рақам билан рўйхатга олинди.

* Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 266-моддасига мувофиқ божхона расмийлаштируви тугалланганидан ва товарлар муайян божхона режимига жойлаштирилганидан кейин, божхона юк декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан уч йил ичида божхона юк декларациясини божхона органининг талаби билан ёки ваколатли шахснинг аризасига кўра ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёхуд бекор қилиш мумкин.

* БЮДга ўзгартириш  ва қўшимча киритиш БЮДни тузатиш шакли (БДТ) орқали амалга оширилади.

Бунда БДТнинг муайян графалари билан бирга фақат БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритилиши лозим бўлган графалари тўлдирилади, холос.

Яъни, БЮДнинг биргина графасига ўзгартириш киритиш учун ҳам уни ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан тўлиқ янгидан қайта тўлдиришга ҳожат қолмайди.

БЮДдаги мавжуд ҳужжатларни такроран БДТга илова қилиниши талаб этилмайди, сифатсиз (хира, бўялган, тушунарсиз ва ҳоказо) ҳужжатлар бундан мустасно.

БДТ ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритилган электрон БЮДнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади.

* Шунингдек, товарларни электрон декларациялаш автоматлаштирилган ахборот тизимда божхона органлари ва декларацияловчи шахслар ўртасида электрон хабарларни алмашиш ва бу орқали қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш ва қабул қилиб олиш воситаси – ахборот алмашиш тизими жорий этилади.

* Эндиликда  БЮДга ўзгартириш ёки қўшимча киритиш учун декларант ёки декларацияловчи шахс мурожаат этилаётган йилда расмийлаштирилган БЮДга божхона тўловлари суммаларини қайтариш ёки экспорт шартномалари бўйича олиб чиқилган товарларнинг халқаро товар биржаларида қиймати ўзгариши сабабли унинг қиймати ва божхона тўловлари суммалари ўзгариши билан боғлиқ бўлган ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш юзасидан БЮД рўйхатга олинган божхона пости бошлиғига мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлди.

* БЮДнинг фақат божхона органи томонидан тўлдириладиган графаларидаги ёзувларга ўзгартириш киритиш зарур бўлган тақдирда, ўзгартириш киритиш божхона органи ходими томонидан амалга оширилади ҳамда унинг имзоси ва шахсий рақамли муҳри (электрон БЮДда электрон рақамли имзоси) билан тасдиқланади.

Божхона органи томонидан тўлдириладиган графаларидаги ёзувларга ўзгартириш киритилганлиги ҳақида декларант ёки декларацияловчи шахс ёзма шаклдаги хат ёки ахборот алмашиш тизими орқали хабардор қилинади.

* Низомда қайси ҳолларда БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, бекор қилиш ёки қайтариб олиш мумкинлиги ёки қайси ҳолларда БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш тақиқланиши белгилаб берилган.

* Низом 4 бўлим, 8 боб ва 106 банддан иборат бўлиб, расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин, 2020 йил 10 майдан эътиборан кучга киради.

Самарқанд вилояти божхонаси бошқармаси ахборот хизмати.