Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Боксчиларга Президент совғалари топширилди

Екатеринбургда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида биринчиликни қўлга киритиб қайтган боксчиларга Президент совғалари топширилди, деб хабар қилмоқда бокс федерацияси.

Ушбу жаҳон биринчилигида ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари ҳар қачонгидан ҳам муваффақиятли иштирок этиб, 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритишди. Бу орқали йигитларимиз жаҳон чемпионатини умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда якунлашди.

Бугун, 30 сентябрь куни пойтахтимиздаги "Олимпия шон-шуҳрати" музейида боксчиларимизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси Очилбой Раматов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, спортчи ва мураббийлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва бошқалар иштирок этишди.

Тадбир давомида Очилбой Раматов сўзга чиқар экан, спортчиларимизни қўлга киритилган муваффақият билан муборакбод этди. Ушбу муваффақият замирида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қаратилаётган эътибор турганини алоҳида қайд этиб ўтди. Шунингдек, эришилган ютуқ билан тўхтаб қолмаслик, мақсад қилинган ишни ҳозирча бир қисмигина бажарилганини, Токио Олимпиадасида бунданда улкан зафарлар кутилишини таъкидлади.

Бундан ташқари, тадбир давомида терма жамоамиз мураббийлари Марат Қурбонов, Раҳматжон Рўзиохунов, боксчи Баҳодир Жалолов ва Дилшодбек Рўзметовлар ҳам сўзга чиқиб, ушбу эътибордан мамнун эканликларини айтишди. Келажакда бундан-да йирик муваффақиятларга эришишларини қайд этишди.

Шундан сўнг жаҳон чемпионати қаҳрамонларига "Президент совғаси" - автомобиллар тақдим этилди. Жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзаҳалилов ва Баҳодир Жалоловларга "Tracker" автомобили, кумуш ва бронза медали соҳиблари Дилшодбек Рўзметовга "Gentra", Бобоусмон Батуровларга "Nexia 3" автомобиллари калити топширилди.

Шунингдек, терма жамоамизнинг муваффақиятида ўз ҳиссасини қўшган мураббийларга ҳам пул мукофотлари тақдим этилди.