Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Боку Ереванни Озарбайжоннинг Гянжи шаҳрига ҳужум уюштирганликда айблади

Арманистон қуролли кучлари томонидан Озарбайжоннинг Гянжи шаҳрига уюштирган ракетали ҳужум оқибатида одамлар ҳалок бўлди ва жароҳатланди. Бу ҳақда 17 октябрь куни Озарбайжон Бош прокуратураси маълум қилди. 

“Гянжи шаҳрининг марказий қисмига, тинч аҳолига нисбатан уюштирилган ракета ҳужумлари оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди, 40 дан ортиқ одам жароҳатланди, кўп сонли фуқаролик инфратузилмалари ва транспорт воситалари жиддий зарарланди. Айни вақтда воқеа жойида прокуратура жабрланганлар рўйхатини аниқлаштириш бўйича тергов тадбирларини олиб бормоқда. Вазият юзасидан жамоатчиликка қўшимча маълумот тақдим этилади”, дейилган прокуратура матбуот хизмати баёнотида. 

Шу билан бирга Озарбайжон фавқулодда вазиятлар вазирлиги 13 киши ҳалок бўлганлиги ҳақида хабар берди.

Арманистон мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян, Арманистон томонидан Озарбайжон томонга ҳеч қандай ҳужум уюштирилмаганини таъкидлади ва ушбу айбловни инкор этди.   

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ушбу ҳужумни ҳарбий жиноят деб атади ва бунга қарши жанг майдонида жавоб қайтарилишини таъкидлади. 

“Бу ҳарбий жиноят, инсониятга қарши жиноят. Агар дунё ҳамжамияти уларни жазолашни истамаса, биз уларни жазолаймиз. Биз жанг майдонида жазолаймиз, жавоб қайтарамиз”, деди Алиев халққа қилган мурожаатида.