Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Боласини сотмоқчи бўлган аёл озодликдан маҳрум этилмади

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди очиқ суд мажлисида одам савдоси билан боғлиқ жиноятни содир қилган аёлга нисбатан ҳукм ўқиди.

Судланувчи Адиба Раимова (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2019 йилнинг 21 май куни тунги соат 00:10 ларда “Дилноза” кафесида 6 ёшли ўғли Дониёрни Камола исмли шахсга 15 миллион сўмга сотаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.

Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

А.Раимова судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Шароити оғирлиги, болани сотишдан мақсади яшаш учун уй-жой сотиб олмоқчи бўлганлигини баён этиб, қонуний енгиллик беришни сўради.

Суд мажлисида Навбаҳор тумани хотин-қизлар қўмитаси вакили судланувчига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни, унга фойдали меҳнат билан шуғулланиш имкониятини яратиб беришини билдириб, кафолат хати тақдим қилди.

Суд А.Раимованинг қилмишига иқрор ва пушаймонлигини, аёллигини, қарамоғида 4 нафар вояга етмаган фарзанди бўлиб, ўзи ягона тарбиячи ва боқувчи эканлиги, моддий жиҳатдан қийналганлиги, илгари судланмаганлиги каби омилларни ҳисобга олиб, инсонпарварлик принципига амал қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, яъни у айбланаётган модда санкциясида назарда тутилмаган озодликни чеклаш жазоси тайинлашни лозим топди.

А.Раимовага 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Абулқосим РУЗИҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди раиси.