Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бўрибой муаллим

Қўшработлик 73 ёшли отахон Бўрибой Товбоев 33 йил давомида бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Унинг сабоғини олган шогирдлари бугун юртимизда ва хорижда турли соҳаларида меҳнат қилмоқда.

Бошланғич таълимни бир хонали мактабда олган

Бўрибой Товбоев туман марказидан анча олисда жойлашган Чиммос қишлоғида туғилган. Шу қишлоқдаги бир хонали мактаб биносида бошланғич таълим олган. Шароит оғир бўлса-да мактабга меҳри бўлакча эди.
– Биз ўқиган бино Жўшдаги мактабнинг филиали эди, - дейди отахон. - Бир даҳлиз ва бир хонадан иборат пахсадевор, шифтида қуриган янтоқлар осилиб турадиган, кўримсизгина, пастқам иморат мен учун улуғ даргоҳ эди. Қўнғироқ деган гап йўқ, ўқитувчилар “киринг­лар, чиқинглар”, деб дарс бошланиши ва тугаганини айтиб турарди. Бизга дарс берадиган муаллимларнинг қадри баланд эди. Қишлоғимизда бошланғич синф ўқитувчилари йўқлиги сабаб улар бошқа қишлоқлардан келиб ишларди. Шароитлар етарли эмасди, аммо уларнинг билим даражаси юқори эди. Ўша муаллимларга ҳавас қилиб, бошланғич синф ўқитувчиси бўлишни орзу қилганман.

Кейинчалик Б.Товбоев Жўш қишлоғи марказидаги мактабда ўқишни давом эттирди. Мактабни аъло баҳоларга битириб, олий ўқув юртига кириш учун Тошкентга борди.
Ўша йили омади чопмади. Кейинги йил Каттақўрғондаги педагогика техникумига ўқишга кирди.

Қовунчига қатнаб дарс бериш азоб эди, аммо...

Техникумни битириб келгач, ёш, шижоатли Бўрибойга ўз қишлоғида дарс ўтишига “катта”лар рухсат бермади. Чиммосдан 24 километр узоқликдаги Қовунчи қишлоғига бориб муаллимлик қилишини буюришди.
- Қатнаб дарс бериш, айниқса, қиш кунлари жуда азоб эди, - деб эслайди отахон. - Биргина Нурота-Тошкент йўналиши бўйича қатнайдиган автобусдан бошқа транспорт йўқ ҳисоби. Ўша автобусга улгурсам улгурдим, бўлмаса онда-сонда ўтиб қоладиган юк машиналарини кутардим. Катта йўлдан мактабгача бўлган 4 километр йўлни пиёда босиб ўтишни айтмасам ҳам бўлади. Бугун шогирдларимнинг ютуқлари ҳақида эшитсам ёшликда чеккан азобларим ҳам унут бўлиб кетади.

У пайтлар ментал арифметика деган гап йўқ эди

Бўрибой Товбоев 50-мактабда икки йиллик иш фаолиятидан сўнг, 45-мактабда бир йил, 64-мактабда 18 йил давомида ўқувчиларга сабоқ берди. 1994 йилдан пенсияга чиққунга қадар 41-умумий ўрта таълим мактабида муаллимлик қилди.

- Устозимиз Бўрибой муаллим тажрибали, ташаббускор, соддадил, хокисор инсон, - дей­ди Чиммос маҳалла фуқаролар йиғини раиси Саъдулла Абдусамадов. – Дарс ўтиш услуби ҳам ўзига хос эди. Бизга сабоқ берган пайтларда ментал арифметика деган гап йўқ эди. Бўрибой муаллим ўша пайтларда карра-каррани бармоқларда бажаришни ўргатган. Синф­дошларимиздан аксарияти олий маълумотли, улар орасидан 5 нафари ўқитувчи.

Бўрибой муаллим сабоқ берган собиқ ўқувчиларининг қарийб 200 нафари ўқитувчилик касбини танлаган. Улар орасида ҳисобчилар, тадбиркор-у фермерлар, шифокорлар бор.

Тўлқин СИДДИҚОВ.