Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бормисан, ўзбек!

“Ҳаж зиёратига бориб, адашдим, ҳамроҳларимдан айрилиб қолдим. На йўл биламан, на тил биламан, на пулим бор. Тумонат одам ичидан ўз гуруҳимни топа олмайман. Қўрқув ва даҳшат ичида хаёлимга келган биринчи фикр шу бўлди: “Ўзбекнинг оёғи етмаган ер йўқ. Бирорта ўзбекни учратганим, ҳалокатдан қутулганим бўлади! Бир тепаликка чиқиб: ”Бормисан, ўзбек, бўйингни кўрсат!” - деб уч бора бақирдим.

Маккада яшаб қолган— бири самарқандлик, бири бухоролик икки ўзбек киши келиб, менга нажот қўлини чўзди. Менинг халқимга ҳамиша ўзбеклар ёрдам бериб келишган.”

Таниқли қорақалпоқ адиби Тулепберген Қаипбергенов ҳикоясидан.

 

Қалпоғинг адашди, тўнинг адашди,

Кунларинг адашди, тунинг адашди,

Макканинг талотўп кўчаларида

Қондош қорақалпоқ ининг адашди,

Бўйингни бир кўрсат, бормисан, ўзбек!

 

Темурнинг оёғи, қирқ юртга етди,

Улугбекнинг қўли юлдузни тутди,

Навоийнинг сўзи, Бобурнинг сўзи,

Мангу ўлим билмас йўлларга кетди,

Мардлар гулшанида сормисан, ўзбек!

 

Жавоб топ, қайдадир Машрабнинг боши,

Нечун Қодирийнинг кўзида ёши,

Усмонинг, Чўлпонинг, Фитратинг қани,

Бу элнинг шунчалар кўпми, бардоши,

Нажотмисан ёки дормисан, ўзбек!

 

Ўв дили оқ, халқим, йўли оқ, халқим,

Ёлғон мақтовлардан димоқ чоғ халқим,

Оқариб кетдику денгизларинг ҳам,

Ортингга қайрилиб бир бор боқ, халқим,

Бошинггача оппоқ қормисан, ўзбек!

 

Ранги сарғайганга жонингни тутдинг,

Жангда таланганга қонингни тутдинг,

Тагингга билдирмай сув қуйганларга

Қучоғингни очдинг, жонингни тутдинг,

Оҳ, ўзи бекмисан, хормисан, ўзбек!

 

От сурдинг, саҳрою чўлинг чекинди,

Дарёи азиминг, кўлинг чекинди.

Басдур, карвонингни ўзинг етакла,

Чўк деса, йўқ, демай тилинг чекинди,

Карвон йўлларида нормисан, ўзбек!

 

Қонингда олов бор, исён бор сенинг,

Руҳингда диёнат, иймон бор сенинг,

Тирик шоҳ, тик туриб жон берган юртсан,

Ким айтар ичингда қуён бор сенинг,

Мардмисан, лабзингга ёрмисан, ўзбек!

 

Ота юрт, она халқ, эркинг ўзингда,

Белбоғинг белингда, бўркинг ўзингда,

Аёлинг бўшамас бешик бошидан,

Эрларинг ғурурли, кўркинг ўзингда,

Йўлингни топиб ол, орлисан, ўзбек,

Ўзингни бир кўрсат, бормисан, ўзбек!

(1990 йил)

Ушбу шеърнинг ёзилганига 32 йил бўпти. Тулепберген Қаипбергеновнинг ҳикоясини тинглаб, ёзган эдим. У киши Тошкентга, йиғилишларга борганларида (мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлимининг раҳбари эдим) мени учратиб қолсалар, шу шеърни сўрардилар, раҳматли. Кўнглимдаги гапларни ёзибсан, дердилар. Қани, ўша улуғларимизнинг издошлари? Ибройим оғанинг, Жўлмирза оғанинг шогирдлари қани? Бизнинг қорақалпоқ дўстларимиз нега жим?

Яқинда юзга яқин самарқандлик ижодкорлар, санъаткорлар икки автобус бўлиб, Нукусга бордик. Ўн саккиз соат йўл юрдик. Азбаройи дўстлар дийдорига интилиб, на иссиқдан, на чарчоқдан, на кексаликдан шикоят қилдик. Нукус туманининг олис қишлоқларига бориб, халқ билан учрашдик, рақсларга тушдик, қўшилишиб куйладик, ёш ижодкорларнинг битикларини тинглаб, умидлар бердик.

У ерда Самарқанд қурувчилари бунёд этаётган стадион, меҳмонхона, бозор, савдо мажмуаларини кўриб, ҳайратландик. Мўйноққа етиб боролмадик. Етиб борсак, шубҳасиз, бирлигимиз ҳақида, дўстликнинг қудрати ҳақида кучимиз етганча ёзардик. Самарқанлик вакиллар яна икки-уч бора яхши ниятда бориб келишди. Яқинларимизга, қариндошларимизга нима эзгуликни раво кўришса, шуни қилишди. Биз бир жону бир танмиз деб ўйладик. Ҳай, қорақалпоқ биродарлар, биргаликда кучмиз, ахир. Қўлни қўлга беринглар!

Хосият Бобомуродова,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими