Бош қонун, мезон, пойдевор

 

Конституция давлатчиликнинг бош қонуни, мезони, пойдеворидир. Жамият ҳаётини барпо этувчи барча қонунлар ана шу Конституция асосида ишлаб чиқилади.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциямиз давлатимиз шаклланиши ва жамият ривожи учун чинакам ҳуқуқий пойдевор сифатида хизмат қилди. Бу йилларда Ўзбекистон давлати мисли кўрилмаган тараққиёт босқичларини босиб ўтди. Жамият равнақига мос равишда Конституциямизга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Натижада 2023 йил 1 май кунига қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандарт ва талабларга ҳар томонлама мос келар эди.

Кейинги йилларда давлатимиз янги ривожланиш босқичига ўтди. Энди Конституциямиздаги баъзи нормаларни такомиллаштириш, бугунги кун талабларига мослаштиришни замон тақозо этди.

2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда халқимиз ўзининг юксак ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилди. Шу тарзда замонавий мезонлар асосида янгиланган Асосий Қонунимиз давлатчилик, ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳасини янада барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Аввало, янгиланган Конституциямизда илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойили “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартирилди ва инсон манфаати ҳар нарсадан устун эканлиги қатъий белгилаб қўйилди.

Бош Қомусимизда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ошди. Хусусан, фуқароларнинг эҳтиёжманд тоифасини уй-жой билан таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсонга муносиб яшашини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда белгиланиши ҳамда барча тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги ва бошқалар шулар жумласига киради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади экани белгилаб қўйилган бўлса, 20-моддасида айнан ушбу мақсадга эришиш учун инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги қайд этилган.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши белгиланди.

Энг муҳими, эндиликда Конституция тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳужжат сифатида эътироф этилди. Яъни, фуқаролар ўзининг кундалик ҳаётида ҳам Конституцияга мурожаат қилиши, ундаги барча нормалар, уларни қандай амалиётда қўллашни очиб берувчи қонунчилик ҳужжати мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, тўғридан-тўғри ишлаши таъминланади.

Шунингдек, “Хабеас корпус” институти кўламини янада кенгайтириш мақсадида шахсни 48 соатдан ортиқ суднинг қарорисиз ушлаб туриш мумкин эмаслиги, телефон сўзлашувларини эшитиш ва тинтув ўтказиш фақат суд рухсат берсагина амалга оширилиши мумкинлиги белгиланди. Жиноятда гумонланиб ушланган шахсга сукут сақлаш ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда ушлаб туриш асослари содда тилда илк сонияларданоқ тушунтирилиши, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши кўрсатма беришга мажбур эмаслиги каби “Миранда” қоидалари Конституция даражасида белгиланганлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Бу қоидалар инсонни ноҳақ жиноий таъқибдан ҳимоя қилади.

Одил судловга эришиш даражасини ошириш ва судьялар мустақиллигини таъминлашга қаратилган қоидалар сўнги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг Конституция даражасида ҳал этилиши имконини берди. Судьянинг бошқа органлар ва шахслардан холи бўлишини таъминлаш мақсадида судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги ҳамда суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлмаслиги белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, Конституциямизнинг янги нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган.

Отабек Қодиров,

Ўзбекистон Республикаси судьялар олий кенгаши ҳузуридаги судьялар олий мактабининг тингловчиси.