Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бош вазир қабулхонаси мудири Нарпайда нима қилди?

Тумандаги 13-сонли мусиқа ва санъат мактабида Самарқанд вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири томонидан сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда вилоятдаги тегишли ташкилотлар масъул ходимлари, туман ҳокимлигининг тегишли вакиллари иштирок этди. Унда тадбиркорлар ва соҳада фаолият бошлаш истагида бўлган фуқароларни қийнаётган муаммо ва фаолиятида учраётган турли тўсиқлар бўйича мурожаат қилишди.

- Бугунги сайёр қабулда икки йилдан буён ҳал бўлмай келаётган муаммомиз бир ҳафтада ҳал этиладиган бўлди, - дейди Аҳиллик маҳалласида яшовчи Нилуфар Камолова. – Ўғлим сартарош, қизим доришунослик мутахассислигига эга. Фарзандларим билан бирга турмуш ўртоғим ишсиз.

Шу боис тадбиркорлик қилиш учун ярим сотих ер сўраб бормаган жойимиз қолмади. Маҳалламиздан ажратиб бериладиган майдонда энди оилавий корхона очиб, маиший хизмат кўрсатишни йўлга қўймоқчимиз. Бунинг учун мутасаддилар имтиёзли асосда кредит маблағлари олишда амалий ёрдам беришларини билдиришди.

Сайёр қабулда 32 та мурожаат рўйхатга олинди. Уларнинг 6 таси шу жойнинг ўзида кўриб чиқилиб, ҳал этилди.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилоятидаги Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири Маъруф Абдураззақов жорий йилнинг 22 август куни иш бошлаган. У бунгача Халқ банкининг вилоят филиали бошқарувчиси лавозимида фаолият олиб борган.