Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бошланғич синф ўқитувчисига битта синф камми?

Ҳуқуқий ташкилотда фаолият юритганим, ариза ва шикоятлар билан ишлаганим боис бизга турли мазмундаги мурожаатчилар келади. Бу сафар ёш, қизиққон аёл мурожаат қилди. Қизиғи, у аёл ўзи гап бошлаганда бошқа бировнинг гапини эшитмас экан. Тўхтатишга уринишимиз, биз бошқа масалалар билан шуғулланишимиз, бу масала бизнинг ваколатимиз доирасига кирмаслиги ҳақидаги гапларимизни эътиборга ҳам олмасдан, куйиб-ёниб гапира бошлади:

-Ўтган йили ўғлим биринчи синфга чиққанида, меҳнат таътили олдим, сўнг ўз ҳисобимдан таътилга чиқдим, раҳбарим билан келишиб, бир оёғим уйда бир оёғим ишхонада бўлиб, хуллас биринчи синфни тамомладик. Яқинда мактабидан хабар қилишди – иккинчи синфлар иккинчи сменада ўқишаркан! Нима учун десам, ўқитувчиси бошқа биринчи синф олганмиш! Очофат бўлмай кетсин! Аввал битта синфни эплаб олсин! Нега битта ўқитувчига иккита синфни беришади? Мутасаддиларни топиб беринг! Бунга жавоб берадиган одам борми?

Аёлни тинчлантириб, бу масала билан Вилоят ҳалқ таълими бошқармаси шуғулланишини, манзилини тушунтириб юбордик. Бу воқеа балки ёдимиздан чиқиб ҳам кетарди. Аммо яқин дўстим ҳам бир неча кун ўтиб нолиб қолди. Иккинчи синфга ўтган ўғлининг ўқиши янги ўқув йилидан бошлаб, иккинчи сменада бўларкан. “Катта фарзандларим эрталаб ўқишади, кичик ўғлим эса, ўзи кийиниб, ўзи овқатланиб мактабига кетиши керак! Эрта қишда нима бўлади. Агар ишдан бўшасам, ҳайрон бўлма!” 

Мутасаддиларга саволим бор?

Бошланғич синф ўқувчиси, дейлик 2-синф ўқувчилари иккинчи  сменада ўқишларига қандай қарайсиз? Бизда бошланғич таълим 4 йил бўлса, биринчи синф олган ўқитувчи 4 йил давомида ўша синфни ўқитиши керак эмасми? У яна бир синфга раҳбарлик қилиши мумкинми? Битта синфнинг иш ҳажми, ҳужжатбозлиги, ташвиши  етиб - ортадику бир аёл педагогга! (Бошланғич синфларда аксарият ўқитувчилар хотин- қизлардан иборат!)

Саволим жуда оддий, ҳатто баъзиларга кулгули туюлиши мумкинлигини англаб турибман! Аммо бироз шошманг!

Илгарилари, бизнинг болалигимизда шундай эди. Бошланғич таълим уч йил  бўлса, уч йил давомида жисмоний тарбия, рус тилидан ташқари ҳамма дарсларни биргина ўқитувчи ўтарди. Тушликкача ўқиб, мактаб ошхонасида овқатланиб олардик. Бу “группа” деб аталарди ва тушликдан сўнг бироз ҳаракатли ўйинлар ўйнаб, кунни узайтирилган гуруҳда уйга берилган вазифаларни бажарардик. Ҳатто “группа”да  ҳам  болалар билан бошқа ўқитувчи шуғулланарди.

Мутахассис сифатида сизга яхши маълумки, бошланғич синфларда ўқиш –ўқитиш бола учун ҳам, ўқитувчи учун ҳам, қолаверса ота-оналар учун ҳам анча мураккаб жараён.  Бошланғич синфлар ўқитувчидан ҳар бир болага алоҳида ёндашувни талаб этади. Шунингдек, фарзанди мактабга чиққан ота-оналар ҳаётида ҳам катта ўзгаришлар бўлади. Фарзанди келажагига бефарқ қарамайдиган ота-оналар “боласи билан бирга биринчи синфда ўқийди” десам, балки бироз кўпиртириш бўлар! Лекин, шундай ота-оналар бор! Боласининг мактабга қадам қўйиши кўпчилик учун катта воқеа! Қолаверса, куннинг биринчи ярмида боланинг ўзлаштириш ва қабул қилиш қобилиятлари куннинг иккинчи ярмига қараганда яхшироқ бўлишини ҳам кўпчилик руҳшунослар тасдиқлаши аниқ.

Қизиғи шундаки, ўғлим янги ўқув йилидан иккинчи синфга боради. Яқинда мактаб маъмурияти иккинчи синфлар иккинчи сменада ўқишларини эълон қилишди. “Нега” деган саволимиздан маълум бўлдики, ўқитувчиси янги биринчи синф олибди...

Бу биргина бизнинг муаммо эмас экан, вилоятимиздаги аксарият мактабларда вазият шундайлигини суриштириб билдик. Бошланғич синф ўқитувчиларининг иккитадан синфи бор. Бошланғич синф ўқитувчиларининг маошлари ишининг оғирлиги сабаб, фан ўқитувчилариникига қараганда ортиқроқ бўлишини ҳамма билса керак. Шу боис ҳам ўқитувчилар яна бир синф олишга ҳаракат қилишаркан. Хўп, бунга ота-оналарнинг ҳеч қандай қаршилиги йўқ! Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Тушликкача 30-36 нафар болани ўқитиб ҳолдан тойган ўқитувчи, иккинчи сменадаги бошланғич синф болаларига ҳам худди шундай сифатли таълим бера оладими? Чарчаган, асабийлашган, тузукроқ тушлик қилишга ҳам улгурмаган ўқитувчи иккинчи сменадаги ўқувчига нимани ўргата оларди? Шунинг учун ҳам интернетда ҳар хил жазавага тушган, болаларга бақир-чақир қилаётган, уларга жароҳатлар етказаётган “руҳий носоғлом”  ўқитувчиларнинг видеолавҳалари тарқалиб кетмаяптими? Агар ўқитувчининг асаблари “темирдан” бўлса ҳам бунга дош бериши қийин! Мана бу масаланинг оғриқли томони!

Жуда оддий кўринган масала моҳиятида бизнинг эртанги кунимиз, келажагимиз эгалари билан боғлиқ ташвиш яширин эмасми?

Болаларимиз сифатли таълим олишга ҳақли!

Гулчеҳра Бердиёрова.