Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бой ва бахтиёр яшаш Конституцияда белгиланган ҳуқуқингиз

Ҳар биримиз Ўзбекистон деган жаннатмакон юртнинг фуқаросимиз. Жамиятимиз ҳаётидаги барча муносабатлар Асосий қонунимизда белгилаб қўйилган...

1992 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Респубилкасининг Конституцияси қабул қилиниб, шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами деб эълон қилинган.

Қайд этиш ўринлики, Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституциямиз қабул қилинган куни давлатимиз янгидан туғилди, мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди.

Айни шу ҳужжат билан янги мустақил давлатнинг ҳуқуқий кафолатлари шакллантирилди ва мустаҳкамланди.

Бу борада кўплаб мисоллар қатори Бош қомусимиз юртимизда мулкчиликнинг барча шакллари ривожланиши учун кенг ва тенг имкониятлар яратганини алоҳида қайд этиш лозим. Хусусан, Конституциянинг 53-моддасида, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаши белгиланган.

Мазкур тамойиллардан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида бир қанча қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, уларни янада соддалаштириш мақсадида амалдаги қонунларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Мисол учун, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш жараёни ва улар фаолиятига рухсатномалар бериш тартиб-таомиллари қисқартирилиб, фаолият юритишнинг ҳуқуқий асослари соддалаштирилди.

Буларнинг бари ишбилармонлар, инвесторлар ва халқаро молия институтларининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга ишончи мустаҳкамланишига олиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 ноябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Ҳужжатда 2023 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш, янги импорт автомобилларини сотиш фақат юридик шахслар — ишлаб чиқарувчи,  корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан амалга оширилиши, электр энергиясини электр таъминоти шартномасида белгиланган ҳажмлардан (ойлик шартномавий миқдордан) ортиқча истеъмол қилган юридик шахсларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйиш ҳамда якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларни Ягона миллий меҳнат тизимида ҳисобга олиш орқали давлат солиқ хизмати органларида алоҳида ҳисобга қўйиш тартиблари бекор қилинди.

Шу каби, 2023 йил 1 мартдан солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилиши тартиби ҳам белгиланди.

Махсус ҳуқуқий режим доирасида тадбиркорлик субъектларига янги маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқиш, апробация қилиш ва жорий қилиш йўналишларидаги фаолиятини чекланган вақт, ҳудуд ва шахслар доирасида махсус тартибга солиш орқали айрим қонунчилик ҳужжатлари нормаларига амал қилмаслик ҳамда лицензиясиз ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтмасдан фаолиятни амалга ошириш ҳам рухсат этилиши йўлга қўйилди.

Айни вақтда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини ва тартибга солиш жараёнларини такомиллаштиришга, қулай бизнес муҳитини, халқаро майдонда мамлакатнинг ижобий нуфузини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Ушбу амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида эришаётган барча ютуқларимиз ҳамда халқимиз турмуш фаровонлиги ортиб бораётганлиги замирида Конституциямизда белгилаб берилган қоида ва ҳақ-ҳуқуқларнинг ўрни беқиёс.

Асосий Қонунимиз қабул қилиниши билан биз Ўзбекистон келажагини, янгитдан барпо этилаётган давлатимизнинг чуқур мазмуни, маъно ва моҳиятини, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар ва маънавий тараққиётнинг, юртимиз қиёфасини, унинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузини тубдан ўзгартириб юборган мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг пировард мақсадларини аниқ-равшан белгилаб берди.

Президентимиз таъбири билан айтганда, “Агар биз юртимизда барқарор иқтисодиёт қурмоқчи бўлсак, дунёдаги ривожланган мамлакатлар каби бой ва фаровон яшамоқчи бўлсак, юзаки эмас, балки қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт. Ягона йўлимиз шу. Бу – Асосий қонунимиз талаби. Бошқа йўл йўқ. Биз бошлаган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз ва улар албатта ўзининг ижобий натижасини беради”.

 Нурия Норматова,

вилоят хокимлиги юридик хизмат раҳбари.