Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бозорми бу ёки стоянками? Мутасаддилар бу ерларда “пешком” юрганмикан?

Булунғур тумани мутасаддилари эътиборига!

Самарқанд-Булунғур йўналишидаги “Дамас” бир зумда туман марказига элтиб қўйди. Рост, автомашинадан тушишимиз ҳамон дилимиз хира тортди. Офтоб тиғида “қиздириб” сотилаётган тарвузлар, унинг ортида уюлиб турган чиқиндилар...

- Биз ободонлаштиришни ўргангани келганимиз йўқ, - дея шеригимни илдам юришга даъват қилдим. Шундоқ темир йўл устидаги кўприкка чиқишимиз билан ҳамроҳим навбатдаги ҳолатни объективига муҳрлади.

- Ҳар дардга даво от мойи, бодом ёғи, сотаману кетаман, кеб қолинг, - сотувчининг овози эътиборингизни жалб қилмай иложи йўқ эди.

- Қаерда ишлаб чиқарилган бу дориларингиз? - шиша флаконларга жойланган “дори”лардан бирини қўлимга олиб сўрадим.

- Ака, Тошкентда тайёрланган, нечта берай?

- Буни ишлаб чиқарилган жойи, корхона номи ёзилмаганку.

Суҳбатимиз шу билан якунига етди. Ростда, “дори” сотувчига харидор керак. Терговчи эмас.

Йўлда давом этарканмиз, навбатдаги “объект” ҳам узоқ куттирмади.

- Адашмасам, бу ер эски “РайОНО”ни жойи, - олди қарийб ўрмонга айланган бинони кўрсатиб ҳамроҳим изоҳ берди.

Йўқ, биз камчилик ахтармадик. Улар “атайлаб” биз юрган йўлга чиқиб олишганди...

Йўл устига ўрнатилган шлагбаумдан бу ерда стоянка борлигини англадик. Аммо кимлиги номаълум йигит тўлов квитанцияси бермасада, кириб-чиқаётган автомашиналардан пул йиғишни дўндирарди.

Нима ҳам дердик: тўғри, биз кўрганларни маҳалла оқсоқоли, ҳудуд профилактика инспектори, ДСЭНМ ходимлари билишмас. Аммо ушбу ҳудуддан бирорта раҳбар сўнгги уч-тўрт ой ичида пиёда ўтмаганми?

Саволлар бисёр эди. Бироқ биз туман ҳокимлигига келиб қолгандик. Қолган тафсилотлар билан кейинроқ ўртоқлашамиз.