Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бу йил Самарқандда 22 минг нафардан зиёд болалар оромгоҳларга борган

Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов иштирокида ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Айтилишича, Самарқандда 74 та ёзги оромгоҳ (18 та доимий, 56 та кундузги) мавжуд бўлиб, бу йил уларда 21 минг 100 нафар бола соғломлаштирилиши режалаштирилган эди. Бу мавсум уларда 22 минг 394 нафар бола қамраб олинган. Бугунги кунда 5-даврада тўртта стационар оромгоҳда 605 нафар бола дам олдирилмоқда. Жорий йилги мавсум 20 августда якунланади.

Рафиқовга кўра, июль ойи охири ҳолатида 9482 нафар ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзолари тарихий шаҳар ҳамда қадамжоларга саёҳат қилган. Шундан 6456 нафари Самарқанд шаҳри ва ўз ҳудудларидаги қадамжоларга, 3026 нафари ҳамда уларнинг оила аъзолари тарихий шаҳарларга саёҳати ташкил этилган.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши қошидаги “Касаба Самарқанд” унитар корхонаси томонидан 4263 нафар ишчи-ходим республикамизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилган.

- Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 23 та санаторий республикамиз аҳолиси саломатлигини тиклаш ва дам олишини таъминлаш мақсадида фаолият юритиб келмоқда, - дейди С.Рафиқов. - Уларда жорий йилда вилоятимиздаги ташкилот ва корхоналарда фаолият олиб бораётган 5066 нафар ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш режалаштирилган эди. Ўтган давр давомида 2850 нафар ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзолари касаба уюшмалари тизимидаги турли санаторийларда соғломлаштирилди. Хусусан, уруш ва меҳнат фахрийлари, байналминалчи жангчилар, чернобилчилар, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи фарзандталаб ёш оила вакиллари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг ишловчи вакилларидан 102 нафарига бепул йўлланма берилди.

Шу билан бирга, Россия Федерацияси, Кисловодск шаҳридаги “Ўзбекистон” санаторийсида 72 нафар фуқаро соғломлаштирилди ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти касаба уюшмаси ва Беларусь Республикаси касаба уюшмаси ўртасида ишчи-ходимларни соғломлаштириш бўйича меморандум имзоланди.