Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун туғилган кун

Ўзбекистон халқ артисти Ширин (Сорахон) Мелиева 1921 йил 24 февралда Каттақўрғон шаҳрида туғилди.

1937 йили Ширинни Каттақўрғон шаҳар театри жамоаси ўз бағрига олди. Дастлаб «Гулсара» спектаклидаги Ойсара ролини ўйнади.

Ш.Мелиева яратган роллар дастаси ғоят ранг-баранг. «Бой ила хизматчи» драмасида Ҳожи она Хонзода, «Майсаранинг иши»да Майсара, «Холисхон»да Мастура сатанг, «Аршин мололон» комедиясида Гулчеҳра, «Ғунчалар» асарида Нигора, «Нурхон»да Кимё, «Офтобхон»да Офтобхон, «Сурмахон» асарида Сурмахон, «Уйланиш» комедиясида Агафья Тихоновна, «Қонли тўй» драмасида она роллари шулар жумласидандир. Унинг талқинидаги Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғолони» спектаклида Фармонбиби роли ўзига хос маҳорат билан яратилган.

Ширин Мелиева 1948 йилдан 1978 йилгача  Каттақўрғон драма театри директори ва бадиий раҳбари вазифасида самарали хизмат қилди. Режиссёр сифатида ҳам кўплаб асарлар саҳналаштирди. «Холисхон», «Адолат», «Абдулла Набиев», «Она», «Баҳс», «Сендан угина», «Ўғлимни қайтариб беринг» каби спектаклларини бугун ҳам ёш актёрлар ижро этмоқда.

Ширин Мелиеванинг ўзбек театр санъати ривожидаги хизматлари муносиб баҳоланди. 1953 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1964 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари берилди. 1998 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди.

Ш.Мелиева 2001 йилда вафот этди.