Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугундан бошлаб Ўзбекистонга олтита мамлакат фуқароларининг кириши чекланди

Ўзбекистонга коронавирус киришининг олдини олиш ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида 2020 йилнинг 14 март кунидан эътиборан Франция Республикаси, Испания Қироллиги, Буюк Британия ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида барча авиақатновлар тўхтатилади. Бу ҳақида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.

Хитой Халқ Республикаси (ХХР), Корея Республикаси, Италия, Эрон Ислом Республикаси, Франция Республикаси ва Испания Қироллиги фуқаролари ва ушбу давлатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига барча турдаги чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келиши вақтинча тўхтатилади.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси йиғилишида шунга доир қарорга келинди.

Унга кўра, чекловлар қуйидаги шахсларга тааллуқли эмас:

- дипломатик ва хизмат паспорти эгалари;

- чеклов ўрнатилган мамлакатлар фуқаролари ва ушбу давлатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон ҳудудига кириб келишидан олдин охирги 14 кун ичида чеклов ўрнатилган мамлакатларда бўлмаган бўлса.

Таъкидлаш жоизки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмий сайтида ЖССТ раҳбари А.Тедрос 2020 йилнинг 11 март куни ушбу касалликни дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётгани, касалликнинг юқишини инобатга олган ҳолда дунё бўйича “пандемия” ҳолати эканлиги эълон қилинган.