Бугуннинг муаммоси: "Мойка"лардаги кимёвий препаратлар ва экология
Машина ювиш учун "мойка"лар жуда урф бўлди. Уларда, одатда, фаол кимёвий воситалар (активная химия) ишлатилади.
Ушбу воситалар таркибида, умумий олинса, анионли ва катионли сирт фаол моддалар (СФМ), ЭТДА ( этилендиаминтетрасирка кислотаси) тузлари, натрий ишқори ва турли бўёқлар мавжуд. Асосий моддалари анионли СМФ ҳисобланади. Айрим манбаларга кўра, 15 фоизгача шундай бирикмалар қўшилади.
Анионли СФМ кимёвий жиҳатдан ўта фаол ҳисобланади. Қийин эрувчан ёғларни ҳам эритади.
"Мойка"га борадиганлар сезган, лекин эътибор бермаган бир нарса: фаол кимёвий восита сепаётганингизда нафас олишингиз қийинлашади. Бу анионли СФМнинг таъсиридир. Бу моддалар гипоксия - нафас олишни қийинлаштиради. Тез-тез машина ювадиганлар бора-бора тўлиқ нафас олишга қийналади.
Юқоридаги воситалар аллергия чақиради. Буйрак ва жигар каби муҳим аъзоларга таъсир қилади.
"Мойка"дан чиққан сув қаёққа кетади? Унинг назорати борми? Бу саволга мен жавоб бера олмайман.
Ҳозир нафақат шаҳарларда, балки туман ва қишлоқларда кўпаймоқда. Бу жойларда оқар сувлар "мойка"ларнинг "фаол кимё"сидан ҳимояланган эмас. Ҳар куни тонна-тонна заҳарли оқова сув оқизилади, қаёққа оқаётгани, табиий манбалар - экотизимга таъсири илмий таҳлил этилган эмас.
"Мойка"лардаги кимёвий воситаларга қайси идора, қандай асосда рухсат берган? Ахир тупроқларимиз заҳарланган, деб собиқ иттифоқни қоралаймиз, ёмонлаймиз, лекин бу ишимизга қандай баҳо берамиз?
Мен "мойка"ларга қарши эмасман, лекин кимёвий воситларни чеклаш керак! Бу воситалардан ҳеч ким ҳимояланган эмас. Сабабини юқорида келтирдим: унинг оқоваси барибир айланиб-айланиб ичимлик сувига қўшилади. Оқова сув буғланиб ҳавога сингиб кетиши мумкин, лекин унинг таркибидаги ҳамма модда тупроқда қолади, бошқа сув манбаси барибир уни "топиб" олади.
Балки бизда ҳали маиший кимёвий воситалар ҳақида қонунчилик йўқдир, бундан хабарим йўқ, агар бўлмаса, қонунчилигини ишлаб чиқиш вақти етган.
Онкологик касалликлар кўпайиб кетганини кўп гапирамиз. Унутмаслик керакки, бу касалликнинг энг асосий манбаси - маиший кимёвий воситалар. "Мойка"нинг моддалари, ошхонангиздаги ювиш воситалари!
Умид қиламанки, фикрим мутасаддиларга етиб боради ва масала ижобий ечим топади.
Бахтиёр Абдуғофур (Фейсбукдан).