Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Булунғур тумани Навбаҳор маҳалласига 2028 йил қачон келади?

Бугун маҳалладошларимиз, ҳатто ёш болалар ҳам 2028 йилни кутадиган бўлишган. Гап шундаки, маҳалламизга ўтган асрнинг иккинчи ярмида 40 хонадонга мўлжалланган трансформатор ва шунга мос симёғочлар ўрнатилган. Йиллар ўтди, аҳоли кўпайди, иқтисодиёт ривож топди, аммо трансформаторни янгилашни имкони топилмади. Ҳар куни қоронғу тушиши билан чироқ ўчади.

Айниқса, қиш кунлари эски трансформаторни таъмирлаш учун ҳар икки, уч кунда 10-20 минг сўмдан пул йиғамиз.

Маҳалламиз туман ички ишлар бўлими ҳудудига бириктирилгани боис ҳам сектор раҳбарининг бўш вақтини белгилаб учрашувга чақирдик. Аммо сектор раҳбари ишхонасидан 1,5-2 километр жойга келмайди. Туман электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилсак «Трансформаторларинг 2028 йил дастурига киритилган» дейди. Корхона бошлиғи қабул қилмайди, ходимлари эса «Қўшни маҳаллаларингдан ўрнак олинглар» деб яна қайтаришади.

Билсак, бошқа маҳалладагилар трансформаторни алмаштириш учун бир неча миллион сўм йиғиб беришган экан. Ахир, биз етказиб берилаётган электр энергияси ҳақини тўлаётган бўлсак, яна шунча маблағ тўплаб беришимиз керакми?

Ҳамма жойда бўлаётган ўзгаришлар бизнинг маҳаллага қачон келади?

Абдураҳмон Шукуров,

Булунғур тумани, Навбаҳор маҳалласи.