Булунғурда Ўрта Осиёда ягона бўлган қон плазмасидан албумин, иммуноглобулин дорилар ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилади

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев иштирокида ҳукумат комиссиясининг вилоят тадбиркорлари билан очиқ мулоқотида тадбиркорларни қийнаётган муаммоларга ечим топилиб, таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланди. 

Бир ҳафта олдин Президентимизнинг фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашувида қатнашдим ва Булунғур туманида қурилаётган заводимизни 2027 йилда ишга туширишга ваъда бергандим.

Бугун Бош вазир ўринбосари бошчилигида ҳукумат комиссияси келиб тадбиркорларнинг фаолиятидаги муаммоларга ечим топиляпти. 

Бизга ҳозир Хитойдан 600 та юк машинасида тиббий жиҳозлар ва қурилиш материаллари кириб келмоқда. Юкларимизни божхонада тезроқ расмийлаштиришса, қурилишимиз тўхтамайди ва берган ваъдамизни бажарамиз.

Ўрта Осиёда ягона бўлган қон плазмасидан албумин, иммуноглобулин каби дорилар ишлаб чиқарамиз. Бу жуда қиммат дорилар тоифасига киради ва қўшни давлатларнинг ҳеч бирида бундай корхона йўқ. Бу каби дорилар хориждан импорт қилинади. Булунғурда шундай маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхона ташкил қиламиз ва асосан ички бозорга, кейинги навбатда хорижга маҳсулот сотишни режалаштирганмиз. 

Учрашувда айтган иккита масаламиз бўйича Хитойдан келаётган мутахассисларни вақтинча рўйхатдан ўтказиш ва жиҳозларни божхона расмийлаштирувидан тезлаштирилган тартибда ўтказиш ва заводгача етказиб бериш топшириғи берилганидан  миннатдорман.

Отабек ЧОРИЕВ,

"Янги Осиё" халқаро биофармацевтика корхонаси директори ўринбосари.