Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Булунғурликлар ўсиш, ўзгаришни ҳис қилади(ми?)

Мамлакат ўзгаряпти, сиёсат янгиланяпти. Бошқарув тизими янгича бир шаклда иш олиб бормоқда. Энди одамларнинг эртага эмас, бугун бахтли яшашини таъминлаш чоралари кўриляпти.

Жумладан, янги Ўзбекистоннинг беш йилликка мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ҳам бу борада аниқ вазифалар белгиланган. Айни пайтда жойларда ушбу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Қайд этилишича, Булунғур тумани ўсиш нуқтаси (драйвер), жумладан, аҳоли даромадларини оширишнинг асосий йўналишлари сифатида мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш белгилаб олинди.

Туманнинг Ҳамид Олимжон, Алишер Навоий, Фозил Йўлдош, А.Махсумов, “Зарафшон”, “Килдон” агрофирмалари ҳудудидаги фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида картошкачилик асосий даромад манбаи ҳисобланади. Чунки бу ҳудудларда одамларнинг картошка етиштириш бўйича тажрибаси бор, хўжаликлар ҳам шу соҳага ихтисослашган, энг муҳими, табиий иқлим шароити картошкадан мўл ҳосил олиш учун қулай ҳисобланади.

Ўтган йили мазкур ҳудудларда 5172 гектар (2866 гектар асосий, 2306 гектар ғалла ва бошқа экинлардан бўшаган) майдонга 2020 йил четдан олиб келинган картошка уруғлари ва 2021 йил Нидерландия давлатидан келтирилган 1542 тонна картошка уруғи экилган. Йил якунида 81017 тонна ҳосил олинган.

Мисол учун, собиқ Ҳамид Олимжон агрофирмаси негизида “Греен агро Зарафшон” картошкачилик кластери ташкил этилиб, ҳудуддаги 58 та фермер хўжалиги унга аъзо бўлган. Ҳудудда 605 гектар майдонда картошка экилиб, 21175 тонна маҳсулот олинган. Муҳими, бу иш билан 240 киши банд бўлди.

- Жорий йилда туманда 6566 гектар, жумладан, асосий майдонларнинг 2866 гектар, ғалла ва бошқа экинлардан бўшаган майдонларнинг 3700 гектар майдонига картошка экилиши режалаштирилган, - дейди туман ҳокими Самандар Астанов. – Бунинг учун талаб этиладиган 22 981 тонна картошка уруғи аввалги йилларда четдан олиб келинган уруғлар асосида тайёрланади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 137052 тонна ҳосил олиш режалаштириляпти.

Асрий анъана - ривожланиш асоси

Туман ҳокимининг айтишича, мева-сабзавотчилик туманни ривожлантириш бўйича ўсиш нуқтасининг 2-йўналиши сифатида белгиланган. Чунки табиий-иқлим шароити бу борада қулай, ушбу йўналишда аҳолида ҳам кўникма шаклланган. Бундан ташқари, соҳа бўйича етарли тажрибага эга мутахассислар бор.

Шу боис, ўтган йил 4836 гектар майдонда турли сабзавотлар экилиб, 326 233 тонна ҳосил йиғиштириб олинган. Бундан ташқари, 105 гектар боғ ва 63 гектар узум майдонлари ташкил этилди. Фермер хўжаликлари ва бошқа корхоналар 4602 гектар боғ, 2624 гектар узумзордан 20127 тонна мева ва 15114 тонна узум етиштирган.

- Йиллар давомида мева-сабзавотларимиз бозор талаблари асосида қайта ишланмаган, - дея давом этди С.Астанов. – Яъни, етиштирилган ҳосилга қиймат қўшилмаган. Кейинги йилларда бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода ўтган йили туманимизда етиштирилган 48,2 минг тонна мева-сабзавот 6 та маҳаллий корхонамизда қайта ишланди. Улар томонидан 8 миллион 328 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди.

Биргина мисол, “Греен агро экспорт” МЧЖ томонидан 35 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳалари асосида 15 минг тонна сабзавотни қайта ишлаш қувватига эга корхона ишга туширилди. Натижада корхона томонидан 1000 тоннадан ортиқ мева-сабзавот қабул қилиниб, қайта ишланди.

Бу борада жорий йилда ҳам олдимизга улкан мақсадларни белгилаб олганмиз. Хусусан, 400 гектар боғ ва 2965 гектар узумзор ташкил этиш режалаштирилган. Шунинг 900 гектарида томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинади.

Бу каби саъй-ҳаракатлар орқали 533,7 минг тонна мева-сабзавот етиштириш, уни қайта ишлаш даражасини ўтган йилги 8,5 фоиздан 11,6 фоизга чиқариш чоралари кўрилмоқда. Яъни, бу йил 66 минг тонна мева-сабзавот қайта ишланади, бозор талабларига мос маҳсулотга айлантирилади.

Туманда жорий йилда 16 миллион долларлик мева-саб­завот экспортга чиқарилади. Экспорт географиясини 21 тага кенгайтириш, маҳсулот турларини 57 тага кўпайтириш режалаштирилган. Экспортёр корхоналар сони 8 тага ошиши кутиляпти.

Хизмат кўрсатиш салмоғи ортади

Булунғур тумани ўсиш нуқталаридан яна бири бу хизмат кўрсатиш йўналиши ҳисобланади. Бунда М-39 автомагистрал йўлининг 24 километри туман ҳудудидан ўтганлиги муҳим омил сифатида қаралмоқда.

Айни пайтда йўлнинг икки томонида 28 та савдо дўкони, 10 та умумий овқатланиш, 15 та автомобилларга ёқилғи қуйиш, 13 та автосервис, 5 та автомобилларни ювиш шохобчаси фаолият кўрсатмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, йўлда бир суткада 35-40 мингдан кўпроқ автомобиль ҳаракатланаркан.

- Ўтган йили автомагистрал бўйида 5 та лойиҳа амалга оширилди, - деди туман ҳокими. - Мисол учун, «Тиловова Гулчеҳра» оилавий корхонаси томонидан 2 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида икки қаватли бино қурилиб, умумий овқатланиш шохобчаси фаолияти йўлга қўйилган.

Бошқа бир корхона кейинги йилларда 7 та лойиҳани амалга оширди. Жумладан, умумий овқатланиш шохобчаси, оилавий тадбирлар базмгоҳи, савдо дўкони, 4 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси ташкил этилган. Бу ерда 56 нафар булунғурлик меҳнат қилмоқда.

Қайд этилган йўл бўйида жорий йилда қиймати 11,3 миллиард сўмлик 22 та лойиҳа амалга оширилиб, 118 та иш ўрни ташкил этилиши белгиланган. Жумладан, 2 та меҳмонхона, 1 та кемпинг, 6 та савдо дўкони, 3 та умумий овқатланиш, 9 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этилади.

Ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолмайди

Жорий йилда туманда нафақат мева-сабзавотчилик ва картокачилик, балки қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳалари ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, туманда 300 тонна сут ва 2 минг тонна гўшт етиштириш режалаштирилмоқда.

Албатта, мазкур кўрсаткичларга эришиш учун аниқ режалар белгилаб олинган. Мисол учун, чорвачилик соҳасида 3,5 миллиард сўмлик 4 та лойиҳа амалга оширилади. Бунда 90 бош наслли йирик шохли мол ва 100 бош қўй-эчкилар олиб келинади.

Паррандачилик йўналишида эса 73,4 миллиард сўмлик паррандачилик комплекси ишга туширилади. Балиқчиликда 120 миллион сўмлик 2 та, асаларичиликда 60 миллион сўмлик 1 та лойиҳа белгиланган.

Бир қарашда аграр туманда айни ихтисос­лашув соҳадаги лойиҳалар камдек кўринади. Бироқ мутасаддиларнинг айтишича, бу якуний тўхтам эмас, аниқроғи жорий йил учун шугина лойиҳалар кўзда тутилмаган. Негаки, ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган инвестиция дастурлари доирасида қиймати 553,5 миллиард сўмлик 45 та лойиҳа амалга ошириларкан.

Умуман, туманда товар ва хизматлар экспорт ҳажмини 17,2 миллион долларга ва ўсиш суръатини 124 фоизга етказиш чоралари кўрилмоқда.

Булунғурда янги массив бўлади

- Туманда жорий йил мутлақо янгича қурилиш-ободонлаштириш ишлар амалга оширилади, - деди С.Астанов. - Биргина мисол, Олмазор маҳалласи ҳудудидаги 28 гектар майдонда эҳтиёжманд оилаларни арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш мақсадида “Янги Ўзбекистон” тураржой массиви барпо этилади. Бу ерда йил якунигача 18 та 5 қаватли уй қурилади.

Шунингдек, “Обод қишлоқ” дастури доирасида 28 миллиард сўм маблағ ҳисобидан Чорбоғ ва Бот-бот қиш­лоқларида ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлар амалга оширилади.

Бундан ташқари, йил якунигача туманда 14,1 миллиард сўм маблағ ҳисобига 24,9 км. ички йўллар таъмирланади. Инвестиция дастури доирасида 8 та сув иншооти ва 32,1 км. ичимлик суви тармоғи қурилади.

Туман маҳаллий бюджети маблағлари асосида сув таъминоти оғир бўлган 13 та маҳалладаги 13 та қишлоқда 12 та ичимлик суви объекти ва 40 км. тармоқ қуриш режалаштириляпти.

Дарвоқе, жорий йилда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, телекоммуникация тармоқлари ва ахборот тизимларини ривожлантириш мақсадида 281,7 км. оптик толали алоқа линиялари ётқизилади.

Тиббий хизмат сифати юксалади

Ҳа, туманда йил давомида амалга ошириладиган иш режаси билан танишарканмиз, ҳудуд катта ўзгаришларга юз тутаётганига гувоҳ бўлдик. Яна бир гап, бу ерда одамлар саломатлигини сақлаш, жумладан, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини кенгайтириш борасида ҳам катта мақсадлар белгиланган.

Жумладан, ўткир юрак қон-томир касалликлари марказини ташкил этиш ва гемодиализ хизматини йўлга қўйиш чоралари кўриляпти.

Маълум қилишларича, диагностика маркази ташкил этилиб, тиббиёт бирлашмасида 30 ўринли жарроҳлик, 10 ўринли шошилинч тиббий ёрдам бўлими паталогоанатомик текширув учун бино қуриларкан.

Албатта, режалар рўёби, ишлар сарҳисоби вақт талаб қилади. Кўзда тутилган ўсиш, ўзгаришлар белгиланган муддатларда амалга оширилиб, уларни булунғурликлар ўз ҳаётида ҳис қилади, деб умид қиламиз.

 Ёқубжон Марқаев.