Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Бульвардаги ишни кўриб, тилимни тишлаб қолдим”

Мени қишлоқдагилар “дунёкезар”, “қидирмакаш”, “сайёҳ бобо” ва бошқа шунга ўхшаш бир неча лақаблар билан аташади. Асл отим ўзимнинг ҳам эсимдан чиқаёзди шу кунларда. Ким нима деб чақирса, ҳов, деб кетавераман. Ҳамма лақабларимданам кўпроқ менга “сайёҳ бобо” дегани ёқади, замонавийроқда.  Нима қилай, меҳмондорчиликка бориш, қариндошларни йўқлаб туриш, қадимий шаҳарларни зиёрат, табиат қўйнига саёҳат қилиш, хуллас, дунё кезиш менга бобомерос. Бу одат авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Нега энди бу анъанани мен давом эттирмас эканман. Ҳозир Ёз фасли, болалар учун таътил. Таътил бўлмаган пайтлардаям, президентимиз барака топсин, бошланғич синфда ўқийдиган невараларимга ҳафтада икки кун - шанба ва якшанба кунларини дам олиш қилиб қўйибди. Сайёҳатга чиққанларингда шу кичкинтойларниям олиб кетинглар деганимасми бу?! Қайга борсам бир неврамни етаклаб оламан. Қариндошлар билан меҳрли бўлсин, шаҳар кўрсин, тарихни ўргансин, маза қилиб дам ҳам олсин, дейманда.

Ўтган жума куни кампирим гаштагидан бир гап топиб келди. Нима эмиш, университетда ўқиб юрган пайтларимизда бульварда китоб ўқиб ўтирганимизда бизга соя бериб турган дарахтларни кесаётганмиш. Тепа сочим тикка бўлди. Ҳассамни қўлтиқлаб, кенжамнинг учинчи синфни тамомлаган ўғлини етаклаб, қайдасан Самарқанд, дея йўлга отландим. Узр, жаҳлим чиққанидан кампирим ҳақида айтмабман, кампирим билан бульварда танишганман. У “филфак”ни тугатган, мен “тарих”ни.

Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди. Кампирларам кўп нарсани биладида. Кўклам палласи Қийқимнинг асфальт йўлини сел об кетибди, деб гап топиб келганда бориб кўрдим, рост бўб чиқди. Энди бульварга бордим, бу ердаям кампир айтган гап рост бўб чиқса, дарахтларни кесганларни ҳассам билан соламан, деб турсам... Йўқ, ҳартугул сал бошқача вазият. Вилоят ҳокими ташаббуси билан ёшлик даврларимиз ўтган бульварни янаям чиройли кўринишга келтириш учун ишлар бошланибди. Неварамга Амир Темур бобосининг ҳайкалини кўрсатдим. Ҳайкалнинг орқа тарафида амалга оширилаётган ишлар ҳақида машинасида қоғоз титкилаб ўтирган бир каттакондан сўрадим. У университет хиёбонида аҳолининг маданий дам олишини мазмунли ташкил этиш мақсадида ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётгани, хиёбондаги биронта дарахтга зиён етмаслиги, қолаверса, ҳудуднинг тарихийлиги, ҳамюртларимиз ҳамда хорижлик сайёҳлар учун аҳамиятли маскан эканлигини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг кечаю кундуз сайр қилиши, мароқли дам олишига асқотувчи барча қулайликлар яратилиши ҳақида гапирди. Неварамга қараб қўйиб, бу ерда фавворалар, сайргоҳлар, енгил жисмоний машқлар учун спорт ускуналари, шарқона услубларда тайёрланган ўриндиқлар, Wi-Fi зоналар, ахборот хизматларини кўрсатувчи марказ ташкил этилади, деб қўшиб қўйди. “Вай-Фай” деганига унча мен тушунмадиму, аммо неварам шу гапига “ў зўр-ку” деганидан яхши нарса эканлигини англадим. Интернетни ўрганганман-ку, буниям ўрганарман ҳали.

Хуллас, кампирни гапига кириб, бульварни бузадиганларни энасини учқўрғондан кўрсатаман, деб 100 километр йўл босиб келдиму, тилимни тишлаб қолдим. Аммо, қитмирлигим тутиб барибир жим кетмадим. Кун тушликдан оққанига ҳам анча бўлган. Ишласа қуёш нури куйдирадиган даражадамас. Кеч десак ҳали қуёш ботишига анча бор. Хиёбонда ишлаётганларнинг анжомлари турибди-ю ўзлари кўринмайди. Яна машинада ўтирган каттаконга юзланиб:

- Қани бу ишчиларинг? - деб сўрадим. 

- Шу бугун эртароқ жавоб бергандим, эртага вақтли келиб иш бошлашади, - деди у.

Ҳассамни ерга бир тўқ этиб уриб қўйиб, қовоғимни уйинқираб дедим:

- Айтиб қўяй, ука, биз токзоримиздаги узумларни йиғиштириб, яна 15 кун бир ойнинг ичида келамиз. Шунгача тайёрлаб қўйинглар. Неварамни бир самокатда учираман.

Шундан сўнг неварам билан етаклашиб, шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойларини томоша қилиш учун йўлимизда давом этдик. Сиёб бозор томондаям кўп саргузаштларнинг гувоҳи бўлдик. Қизиқаётган бўлсангиз, “Зарафшон” газетаси билан “Zarnews.uz”ни кузатиб боринг.

САЙЁҲ БОБО.