Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Чала бажарилган дастур ёки “Обод маҳалла”нинг эски муаммолари

Самарқанд шаҳрининг Хишрав қўрғонидаги Чилқудуқ маҳалласида яшовчи Шароф ота Маърупов таҳририятимизга мурожаат қилиб, 2019 йил “Обод маҳалла” дастури бўйича белгиланган юмушлар мазкур ҳудудда ўта сифатсиз ва чала бажарилганини баён этди.

Мурожаатда келтирилган важларни жойида ўрганишга қарор қилдик.

“...Осмонга булут чиқиши билан хавотирга туша бошлаймиз...”

– Тўғри, анча ишлар қилинди. Қўрғонни Самарқанд шаҳри билан боғловчи Самарқанд кўчаси капитал таъмирланиб, асфальт ётқизилди, – дейди Ш.Маърупов. – Аммо йўлсозлар кўчанинг икки томонида бетон ариқчалар барпо этишни, ички йўлларга шағал ётқизишни “унутган” бўлсалар, электриклар режадаги таъмирталаб симёғочларнинг ярмини алмаштириб, жуфтакни ростлаб қолишди. Натижада ёмғир сувлари кўчада сунъий ҳовузлар пайдо қилиб, одамларнинг уйигача кириб кетяпти. Биз, маҳалла оқсоқоллари, нуронийлар бу ҳақда бир неча бор тегишли ташкилотлар ва мутасаддиларга мурожаат қилдик. Аммо бизнинг арз-додимизга ҳеч ким қулоқ солаётгани йўқ. Шу боисдан, осмонга булут чиқиши билан яна ҳовлимизни сув босишидан хавотирга туша бошлаймиз.

Отахон айтган кўчанинг икки томонида бетон ариқчалар олинмаган. Шу боис сув билан тўлган. Бу эса ҳудудда яшовчи мингдан ортиқ аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётир.

Бундай аҳвол нафақат Чилқудуқ, балки шу ҳудуддаги “Наврўз” ва “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам мавжуд. Бу ерда ҳам ишлар чала қолган.

– Кўчанинг ариқ очилмаган жойи бизнинг маҳалламиз ҳудудига кирмайди, “Наврўз” маҳалласига қарашли, – дейди Чилқудуқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Убайдулла Элибоев. – Шунинг учун бу ҳолатнинг сабабларини ўша маҳалла раҳбаридан сўраш керак. Бунинг устига, кўча Самарқанд туманига, маҳалламиз эса Самарқанд шаҳрига қараганлиги боис, айрим сансалорликлар ҳам бўлиб турибди. Тўғри, “Обод маҳалла” дастурини бажаришда камчиликлар бор. Лекин сабр қилсак, ҳаммаси аста-секин бўлади.

– Қанақасига бу жой бизнинг маҳаллага тегишли бўлсин, ахир мазкур ҳудудда бизнинг маҳалладан бор-йўғи 7 та хонадон бор, – дейди “Наврўз” маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Умаров. – Кўчанинг сув босган қисмидан шу хонадонларга сув кириб кетгани ҳам рост. Бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Мазкур муаммони ечишнинг ягона йўли тўпланган сувни қочириш учун коллектор қуриш керак. Дастурнинг чала бажарилиши масаласига келсак, биринчидан, 2019 йилнинг январь ойидан бошланиши керак бўлган ишлар баҳорги ёғингарчиликлар туфайли июнь ойида бошланди. Бунинг устига жараёнда узилишлар кўп бўлди. Шағал келса, техника йўқ, техника бўлганида ишчилар келмайди, гоҳо асфальт завод ишламай қолади. Хуллас, ўша йили дастурдаги юмушларнинг айримлари бажарилмади. Хусусан, бизнинг маҳалламиз ҳудудидаги таъмирталаб 100 та симёғочдан 60 таси алмаштирилди.

Масъуллар нима дейди?

– Ҳақиқатан ҳам Хишрав қўрғонида “Обод маҳалла” дастури доирасида бажарилган юмушлар ҳозирча охиригача етгани йўқ, – дейди  Самарқанд шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси Жасур Истамов. – Чунки ўтган йили баҳорнинг серёмғир келиши режадаги ишларни анча кечиктириб юборди. Шунинг учун белгиланган юмушларнинг бир қисмини жорий йилга қолдиришга тўғри келди. Баҳор келиб, кунлар исий бошлаши биланоқ бу ишларни ниҳоясига етказамиз. Биз бу ҳақда ҳудуд аҳолисига айтганмиз. Аммо барибир шикоятлар тўхтамаяпти. Айрим уйларга кўчадаги ёмғир сувлари кириб кетаётгани масаласига келсак, бу ерда хонадон эгаларининг ўзларида ҳам айб бор. Негаки, ўша жойдаги ёмғир сувлари илгари мазкур хонадонларнинг ичидан ўтган махсус қувур орқали Дарғом каналига тушиб кетарди. Ҳозирда мазкур қувурнинг ичи чиқиндиларга тўлиб, беркилиб қолган. Ахир қурувчилар уйма-уй кириб, уни тозалаб бермайди-ку! Одамлар ўзлари уюшган ҳолда, ҳар ким ўзининг уйи, хонадони ҳудудидан ўтган қувурни очиб, тозалаб қўйса бўлади. Бу муаммо кўчага бетон ариқчалар қўйиш билан ҳал бўлмайди. Агар ўша қувур очилмаса, ўнта ариқча қазиб қўйсангиз ҳам сув барибир тошиб кетади. Чунки сув чиқиб кетадиган бошқа йўл йўқ.

Қарс икки қўлдан чиқади(ми)?

Сирасини айтганда, Ж.Истамовнинг гапларида жон бор. Айрим ҳолларда юзага келаётган ижтимоий муаммолар одамларнинг оддий эътиборсизлиги ёки ҳафсаласизлиги туфайли пайдо бўлаётгани ҳам ҳақиқат.

Қарс икки қўлдан чиқади, деганларидек бир томондан масъулларнинг эътиборсизлиги, иккинчи томондан аҳолининг ҳафсаласизлиги натижасида ҳудудда шу каби муаммолар юзага келиб, Ш.Маърупов каби оқсоқолларни безовта қилмоқда.

Ўйлаймизки, яқин орада масъуллар мазкур масалалар ечимига эътибор қаратиб тегишли чораларни кўрадилар ва биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Ёрмамат Рустамов.