Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Чорбоғ»даги ҳангома кимнинг кўзини очиши керак?

Булунғур ўзи шунақа, Худо берган жой: қайси томондан келиши ёки қай тарафга кетишидан қатъий назар, йўловчилар бирор нарса харид қилиш ёки сервис ва хизмат кўрсатишнинг бирор туридан фойдаланиш учун албатта тўхтаб ўтишади. Келувчининг ҳам, кетувчининг ҳам вазифаси битта – уларга хизмат қилувчилар савиясига баҳо бериш.

Шу хаёллар билан катта йўл ёқасидаги «Чорбоғ» умумий овқатланиш шохобчасига кирмоқчи бўлдик. Шу ердагилар таърифини келтиришди.

- Таомларига гап йўқ, хизматчилари ҳам чаққон…

Биз аввал ҳожатхонани сўрадик. Хизматчи йигитлардан бири ҳовли этагида – чамаси 30 метрлар наридаги кичик бинони кўрсатди. Шинам кўринган бинога яқинлашишим билан димоқни тешиб юборгудек қўланса ҳид келди. Ҳа, кириш у ёқда турсин, ёнига яқин келиб бўлмайди. Ифлослиги кўзни айнитади.

- Ҳа, адашибсизми, ака, - деди «Камаз» ҳайдовчиси машинасидан тушаётиб. - Доимий йўловчилар ўрганиб қолган. Бунинг йўли осон, ана, яна озроқ юрсангиз бепоён тўқай. Бошқа не илож…

Ҳафсаламиз пир бўлиб бошқа ошхонага ўтдик. Минг афсуски, у ерда ҳам шу аҳвол. Хуллас, катта йўл кесишмасида бешта ошхона жойлашган ва … фақат биттасининг ҳожатхонаси умумий талабларга жавоб беради, холос. Қўл ювишга сув, совун, сочиқ ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.

Халқаро ва ички туризмни ривожлантиришга оид бир неча қарорлар қабул қилинди. Айниқса, катта йўл ёқасида хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланган. Нима, бу вазифалардан хизмат кўрсатиш шохобчалари раҳбарлари, туман ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, ДСЭНМ раҳбарининг хабари йўқми?

Биз улардан муаммо ечими бўйича жавоб кутамиз.

Ё.ГАДОЕВ.

Таҳририятдан: Бошқа шаҳар ва туман мутасаддилари ҳам буни ўқиб, хулоса қилишса, ўз ҳудудларидаги хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолиятини бир кўздан кечиришса ёмон бўлмасди. Қолаверса, Булунғурдан бошлаган мухбирларимиз катта йўл ёқасида жойлашган сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолиятини ёритишда давом этади.