Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дабдаба, ҳашам ёшларни бахтли қиладими?

Яқинда ўғлим айтиб қолди: “Менга дабдабали тўйлар ёқмайди. Агар уйлансам, ўзимга энг яқин инсонларни айтаман. Тўйни ресторанда эмас, табиат қўйнида, оддий, шведча стол атрофида, камчиқим қилиб ўтказаман”. Ўғлимнинг гапидан дастлаб кулган бўлсам, кейин ўйланиб қолдим. Хўш, нега биз камчиқим тўй қилишни истамаймиз, нега тўйларимиз етти маҳалла эшитадиган тарзда бўлиши керак? Нега тўйларни қисқартиришни ўзимиздан бошламаймиз, фақат бировларнинг тўйларини гапирамиз-у, ўзимиз ҳам бошқалардан қолишмайдиган тарзда 400-500 кишилик тўй қиламиз?

 Аслида ўғлим айтаётган тўй сценарийси ҳам Ғарб фильмларида кўрганимиз, бойлар ўтказадиган тўй. Ўйлаб кўрсам, биз Ғарб бойларидан ҳам дабдабали тўй қилар эканмиз. Қулоғимизгача қарзга ботсак ҳам, дўппи тагида ёрилган бошни ким кўряпти қабилида ўзимизни қийнар эканмиз. Хўш, нима учун?

Ҳозир ҳам ривожланган давлатларда машҳур кишиларнинг тўйи саноқли кишилар билан, оммавий ахборот воситалари ходимларидан яширилган ҳолда нишонланади. Оддий аҳолининг тўйи эса янада одми ўтади. Хўш, бизда-чи? Машҳурлар, айниқса, санъаткорларнинг тўйини бутун республика интернетдан бемалол томоша қилади. Ундаги ҳашаматли столлар, икки-учтадан қўшиқ айтиб кетаётган “юлдуз”лар, алламбало шоулар бошқалар кўнглига шундай тўй ўтказиш туйғусини солади. Худди дабдабали тўй қилинса, ёшлар бахтли-тахтли бўлиб кетадигандек. Ҳаётда эса тескарисини кўраётганимиз хаёлимизга ҳам келмайди.

 

Келин соатлаб даврадан чиқмаса...

Бизда яқин-яқингача келин-куёвнинг хонадонига бошдан оёқ ўралган ҳолда олиб келинган. Ёмон назардан асраш мақсадида келин бегоналарга кўрсатилмаган. Ҳозир ҳам қайсидир ҳудудларда бу анъана бордир, аммо кўпчилик келинни аввал “ЗАГС”га, кейин тўйхонага, сўнгра куёв хонадонига очиқ-сочиқ тарзда олиб боряпти. Аввал тўйларда келин давранинг маликаси бўлиб, ёшлар учун тайёрланган столда бош эгиб ўтирган бўлса, энди тўйнинг бошидан охиригача рақсга тушяпти. Кундан кунга замонавийлашиб кетаётганимиздан келинимизни ҳамманинг кўз ўнгида соатлаб рақсга тушириб қўйишдан уялмаяпмиз. Аввалги куёвлар тўйда келиннинг юзини очишга рухсат бермасди, қизғанарди. Ҳозирги куёвлар келинни бошқалар билан рақс тушаётганига ҳам парво қилмаяпти, тўғрироғи, ор қилмаяпти. Назаримда, биз кундан кунга миллийлигимизни, ўзлигимизни йўқотиб боряпмиз. Тўйларимизда на миллийлик бор, на камчиқимлик.

Шаҳарда тўй қилиш қанчага тушяпти?

Пандемия даврида тўйлар 30 кишилик ўтказилди. Хўш, ким хафа бўлди? Қайтага тўй эгалари ихчам тўй қилганидан хурсанд. Биринчидан, кам пул сарфланди, иккинчидан, тўй эгалари югур-югур кам бўлгани учун чарчамади.

Ҳозир Самарқанд шаҳрида ресторанда тўй қилиш киши бошига 200 мингдан 500 минг сўмгача, қиммат ресторанларда киши бошига миллион сўмдан эмиш. Ўртача 350-400 минг сўмдан тўйлар ўтказиляпти. Агар ўртача 300 кишилик тўй бўлса, киши бошига 350 минг сўмдан ҳисобланганда, 105 миллион сўм бўларкан. Бундан ташқари, “ЗАГС”га 5 минг долларгача, саҳна безаш 300-400 дан бошланиб, 2-3 минг долларгача, базмдаги турли шоулар, мультфильм қаҳрамонлари, монитор, мусиқали чироқлар ва бошқалар алоҳида пул. Хуллас, қолганини ўзингиз ҳисоблаб олаверинг. Ҳали келин-куёв учун ясатилган хоналар, сарполар, қудаларга тортиқ қилинган кийим-кечаг-у тақинчоқлар ҳисоблангани йўқ.

Айтганча, суннат тўй бўлса, тўрт йигит арабча оқ кийимда тўйболани тахтиравонда кўтариб чиқиши 200 доллар эмиш. Хуллас, бугун тўйларимиз аёлларнинг чегарасиз орзу-ҳавасларидек бўляпти...

Танишим айтиб қолди: “Айрим тўйларга борсак, дастурхондаги ноз-неъматлар 3-4 қават бўлиб кетяпти. Унга уч гуруҳ меҳмон янгидан келса ҳам еб битиролмайди. Яна 3-4 хил овқат ҳам тортилади”, дейди. Буям етмагандек, тўйларда жаҳон рақслари номи остида ярим яланғоч қизларнинг рақслари мода бўлаётган эмиш.

Агар тўйга вилоятнинг ўзидан хонанда чақирсангиз, 200-300 долларга келади. Пойтахтдан чақирсангиз, 700-800 доллардан 1000-1500 долларгача хизматингизда бўлади. Бирровчилар эса  камида 200 долларга келади.

Тўйларнинг арзонроғи туманларда ўтказиляпти. Масалан, Қўшработ туманида дастурхондаги егуликларнинг ҳаммаси тўй эгаси томонидан сотиб олинади. Тўйхонадаги бир кишилик ўрин 10 минг сўмдан 25 минг сўмгача. Бошқа туманларда ҳам нарх-наво шу атрофда. Агарда дастурхондаги егуликлари билан келишсангиз, 70 минг сўмдан 125 минг сўмгача боради. Энди ўзингиз бир таҳлил қилиб кўринг. Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган тўйга туманда яна учта тўй қилиш мумкин.

Оғриқли муаммомиз қаерда?

Тўйларнинг кундан кунга дабдабали тус олаётгани, кимдир пулдан, кимдир доллардан нимча кийиб, тўйга келганларнинг оғзини очаётгани ҳеч кимга қизиқ эмас, аслида. Ота-она аввало, фарзандининг бахти-камолини кўриш ниятида тўй қилади. Куёв бўлмиш никоҳ ўқилаётганда домла сўрайдиган “Фотиҳа” сурасини ёдлаш ўрнига (буни билмасдан уйланаётганлар қанча) келин билан рақсга тушишни ўрганади. Баъзи ота-оналар фарзандига лоақал ғусл дуосини ўргатмайди, аммо кимўзарга тўй қилиб беришни билади.

Истаймизми-йўқми, атрофимиздаги бачкана тўйларнинг муаллифи аёллар бўлиб қолмоқда. Баъзи аёлларнинг ҳашаматли тўй орзуси уларни муҳожирликка ундамоқда. Яқинда бир аёл ўғлини ўзи ҳавас қилгандек уйлантирибди, аммо тўйни Америкадан кузатиб ўтирибди. Тўғрироғи, тўйга кела олмабди, келса, қайтиб кетолмас экан. Кейинги болаларимнинг тўйига яна бироз ишлай, дебди. Ҳолбуки, аёлнинг уйида меҳнатга яроқли эри, ўғиллари бор экан. Хотин кишининг хорижда ишлаб юриши, эрнинг уйда болалари билан қолиши одатий ҳолдек бўлиб қолмаяптими?

Абдулҳамид ибн Бодис: “Агар ўғил болага таълим берсанг, шахсга таълим берган бўласан. Aгар қиз болага таълим берсанг, бутун умматга таълим берган бўласан”, деган эканлар. Тўйни қандай ўтказиш борасида мусулмонларга пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда чиройли ибрат кўрсатган. Расулуллоҳнинг қизлари Фотиманинг тўйи жуда ҳам оддий тарзда ўтган. Унинг сепи бор-йўғи уч кўрпача, битта гилам, битта хурмо қипиғи билан тўлдирилган ёстиқ, иккита қўл тегирмони, бир челак, бир сопол кўза, бир мис хум, бир элак, бир сочиқ, бир ошланмаган тери, яман газламасидан икки кўйлак, битта пайпоқ, хурмодан ишланган битта курси эди...

Хуршида Эрназарова.