Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дастурдаги ишлар нега кечикди?

Жорий йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида вилоятимиздаги 28 қишлоқ ва 4 маҳаллада кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Бунинг учун электр энергияси, ичимлик ва оқова сув тармоқларини янгилаш, газ, йўл, алоқа, ҳудудни ободонлаштириш ишлари олиб бориш режа қилинган. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Шукуровнинг халқ депутатлари вилоят Кенгашида берган ахборотига кўра, ҳозиргача танланган ҳудудларда ишлар режа асосида олиб борилган. 

Ажратилган маблағга лойиқ ишлар бажарилган

Инжиниринг компанияси дастурга асосан 87 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 59 та ижтимоий соҳа объекти, шундан 27 та мактаб, 17 та соғлиқни сақлаш ва 15 та мактабгача таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариши керак. Ҳозирда объектларда 75,9 миллиард сўмлик (87 фоиз) қурилиш-монтаж ишлари бажарилган ва 84,3 миллиард сўм (бажарилган ишга нисбатан 97 фоиз) маблағ молиялаштирилган, 45 та объектда қурилиш-монтаж ишлари якунланган. Режадаги 212 километр ичимлик сув тармоғи ҳамда 34 та сув иншоотидан ҳозиргача 199 километр (94 фоиз) тармоқ қуриш ва 25 та (75 фоиз) сув иншооти ўрнатилган. 80,6 километр йўл (70 фоиз) асфальт ва 270,2 километрга (100 фоиз) қум-шағал ётқизилган. Бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири электр энергияси таъминоти ҳисобланади. Кунлар совуши билан таъминотдаги узилишлар истеъмолчиларда эътироз уйғотади. Бундай камчиликларга йўл қўймаслик учун 85,5 километр (119 фоиз) тармоқ тортиш, 29 та (104 фоиз) трансформатор ва 1 848 дона (132 фоиз) таянч устун ўрнатиш ишлари якунланди. Аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 14 километр (187 фоиз) тармоқ, 27 та (113 фоиз) газ тақсимлаш пункти (ГРП) ва 2740 та (100 фоиз) газ баллонлари тарқатилди. 63 километр пиёдалар йўлаклари қурилиб 86 та бозор инфратузилма объектларида қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.

Бу рақамлар қоғоздаги ҳисоботлар. Жойларда эса дастурга киритилган аҳоли масканларида белгиланган ишлар режадагидан анча кечикаётгани кузатилмоқда.

Муаммолар занжирли, ечими маблағ

Каттақўрғон шаҳридаги Нуробод ва Оқ олтин маҳаллалари жорий йилги “Обод маҳалла” давлат дастурига киритилганди. Дастурга асосан ҳудудда ички йўллар ва пиёдалар йўлакларини, ирригация тармоқларини таъмирлаш, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви тармоғини яхшилаш, тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш, бозор инфратузилмаси объектлари, якка тартибдаги уй-жойлар, маҳалла биноларини таъмирлаш режалаштирилганди. Бу ишлар учун маҳаллий, вилоят ва республика бюджетидан 8,1 миллиард сўм маблағ ажратилиб, ишлар жорий йилнинг сентябрь ойида якунланиши лозим эди. Аммо дастурда белгиланган вазифалар кечикди.

Шаҳарда кўп йиллардан буён йўл, сув, электр, табиий газ ва бошқа масалаларда талай муаммолар йиғилиб қолганди, - дейди Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг ўринбосари Тоҳир Эшбеков. – Шу боис, Нуробод ва Оқ олтин маҳаллалари танлаб олиниб, дастур асосида ишлар бошланди. Ушбу маҳаллаларда 2 миллиард 68 миллион сўм маблағ ҳисобидан 2,6 километр ички йўлда асфальтлаш ишлари якунига етказилмоқда. Дастур асосида 4 километр ички кўчаларга тош ётқизиш ишлари бажарилди, бироқ ушбу маҳаллаларда яна тош ётқизилмаган кўчалар ҳисобга олиниб, шаҳар ҳокимлиги томонидан қўшимча 32 миллион сўм маблағ ажратилди. 5 километр пиёдалар йўлаклари қурилди, 4,4 километр ариқ режадан ортиғи билан бажарилди, 233 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди, 3,3 километр электр тармоғи тортилди, 120 та таянч устун ва 2 та трансформатор ўрнатилди. Табиий газ тармоғи бўйича ҳам режадагидан ортиқ ишлар бажарилмоқда. 4 та маиший хизмат кўрсатиш биноси қурилди, 100 дан ортиқ якка тартибдаги уй-жой таъмирланди, иккита маҳалла биноси янгидан қурилди. Қўшимча манбалар ҳисобидан Баҳористон, Қўшҳовуз, Дамариқ ва Алишер Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғинлари учун янги бинолар қурилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш шаҳарнинг энг катта муаммоларидан бири бўлиб келаётганди. Дастур доирасида 12,4 километр ичимлик суви тармоғи тортилди, 3 километр оқова сув тармоғи қуриб битказилиб, локал оқова суви иншооти ва тармоқ қурилиш ишлари давом этмоқда. Бу ишлар сентябрь ойида якунланиши белгиланганди, аммо маблағ ажратилишидаги кечикиш туфайли ҳозиргача давом этмоқда. Маблағ етишмовчилигидан сув тармоғи тортилиши кечикди, сув тармоғини ўтказмасдан туриб кўчаларни асфальтлаб бўлмайди.

4,5 минг аҳолини қийнаган муаммо

Шаҳардаги Оқ олтин маҳалласидаги 802 та хонадонда 4552 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалладаги 23 та кўча ва 5 та кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи аҳолини ичимлик суви муаммоси ва йўлларнинг ҳолати қийнаб келади. 

- Дастур асосида еттита кўчада асфальтлаш ва тош ётқизиш ишлари олиб борилмоқда, эски симёғочлар ўрнига бетон устунлар ўрнатиляпти, - дейди Оқ олтин маҳалла фуқаролар йиғини раиси Болибек Санақулов. – Маҳалламизда аҳолини қийнаётган муаммолардан бири ичимлик суви. Ҳозирда Фирдавсий ва Қорақошён кўчаларида 6,5 километр ичимлик суви тармоғи тортилмоқда. Бу ишлар якунлангач асосий тармоққа уланади, сўнгра кўчаларни асфальтлаш ишлари якунига етказилади.  

Маҳалламиз биноси ҳам жуда эскириб қолганди. Дастур асосида маҳалла биноси бузилиб, 795 миллион сўм маблағ ҳисобидан янгисини қуриш белгиланганди. Дастурдан ташқари қўшимча манбалар ҳисобидан бу ерда 905 миллион сўмлик қурилиш ишлари олиб борилиб, маҳалла биноси фойдаланишга топширилди. Бу ерда раис, ўринбосарлар, участка нозири учун алоҳида хоналар, қишки мажлислар зали ва ёзги айвон қурилди. 

Маҳаллада ичимлик суви тармоғи тортилиб, ҳар бир хонадон учун алоҳида сув олиш қувурлари ташкил этилган ва ҳар бир нуқтага сув ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Сув олиш нуқталарининг атрофи асфальтланиб, ичимлик суви қувурларига зарар етишининг олди олинмоқда.

Кейинги йилдан маблағ кўпайтирилади, ишлар кўлами кенгаядими?

Дастурда белгиланган асосий ишлардан ҳисобланган йўлларни асфальтлаш ишлари кечиккан, бунга эса ичимлик сув тармоғнинг тортилмаганлиги сабаб бўлган. Аввалги йиллардан фарқли равишда жорий йилдан ичимлик суви ва оқова сув тармоғи ўтказиб бўлмасдан туриб йўлни асфальтлаб бўлмайди. Тармоқ эса молиялаштиришдаги узилишлар туфайли кечиккан. Муамммолар барчаси бир-бирига боғлиқ. Натижада сентябрда тугалланиши белгиланган ишлар якуни ноябрь ойи билан юзлашди. Молиялаштиришни энг муҳим ва биринчи бажариладиган ишлардан бошласак, бу каби чўзилишлар камаярмиди?

Дарвоқе, 2022 йилги давлат бюджети лойиҳасига кўра республика бўйича “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига жорий йилгидан уч баробарга кўп (3 триллион сўм) маблағ ажратиш таклиф этилибди. Лойиҳа маъқулланса, кейинги йилдан молиялаштириш ва бажариладиган ишлар салмоғи сезиларли ўзгариши мумкин.  

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ, 

Бахтиёр МУСТАНОВ, фото.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.