Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Давлат хавфсизлик хизмати "ер сотувчи" фирибгарлар "иши"га чек қўйди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида фирибгарлик билан боғлиқ ноқонуний ҳолатга чек қўйилди.

Хусусан, хориждан автомашиналар олиб келиб, сотиш билан шуғулланувчи, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1981 йилда туғилган шахс Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида жойлашган фермер хўжалик раҳбари билан келишган ҳолда, ўзганинг ишончига киради ва мазкур хўжаликнинг 16,5 гектар суғориладиган ер майдонини унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 600 минг АҚШ доллари талаб қилади. Шунингдек, улар бу ишга 1987 йилда туғилган шахсни ҳам жалб қилади.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида улар сўралган пулни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

***

Тошкент шаҳрида яшовчи, 1963 ва 1975 йилларда туғилган икки нафар фуқаро тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахснинг ишончига кириб, унга “коврак” ўсимлиги етиштириши учун Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани ўрмон хўжалиги ҳудудидан 1000 гектар ер майдони ажратилишида ёрдам беришларини айтиб, эвазига 300 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимларининг вилоят прокуратураси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида ўтказган тезкор тадбири давомида мазкур шахслар сўралган пулни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговолди суриштирув ҳаракатлари давомида улар ушбу ноқонуний ишни ўзини гўёки Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси инспектори деб таништирган, 1988 йилда Қарши шаҳрида туғилган, ҳозирда Тошкент шаҳрида истиқомат қилиб, аслида хонандалик билан шуғулланувчи, муқаддам судланган шахс билан 80 минг АҚШ доллари эвазига ҳал қилишга ўзаро келишиб олганликлари маълум бўлди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, Тошкент шаҳрида дастлабки 24 минг АҚШ долларини олган вақтида у ҳам ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.