Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Давлат-хусусий шериклик: давлатдан – кафолат, тадбиркордан – ҳаракат ва даромад

Молия вазирлиги ҳузуридаги давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан Самарқанд вилояти ҳокимлигида ташкил этилган семинар-тренингда давлат-хусусий шериклик фаолиятининг асосий мақсади ана шу мезонга қаратилиши таъкидланди.

Очиқ айтиш керак, «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига тўрт ой бўлган бўлса-да, унинг мазмун-моҳияти, қонун имкониятларидан фойдаланиш давлат ва тадбиркор учун қанчалик фойда келтириши ҳақида етарлича маълумотга эга эмасмиз. Давлат идоралари вакиллари ва тадбиркорлар иштирокида семинар-тренинг ташкил этилишининг мақсади эса бу борада зарур кўникмаларга эга бўлишга қаратилди. Унда Осиё тараққиёт банкининг давлат-хусусий шериклиги бўйича эксперти Эрк Озбелги ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги мутахассиси Б.Содиқов мавзу юзасидан халқаро ва маҳаллий тажрибалар ҳақида сўз юритди.

- Аввало, давлат-хусусий шериклиги нима эканига аҳамият берайлик, - дейди Б.Содиқов. - Бу - инвестиция, инновация, инфратузилма ва бошқа лойиҳалар ҳамда муҳим бўлган давлат, ижтимоий, иқтисодий, илмий-техникавий аҳамиятга эга дастурларни кўзда тутувчи чора-тадбирлар мажмуи. Унда давлат бошқаруви, ҳудудий ҳукумат органлари давлат томонидан шерик, Ўзбекистондаги юридик ёки жисмоний шахс, хорижий юридик ёки жисмоний шахс, давлат-хусусий шериклигини тузган ёки тузиш истагида бўлган ташкилот эса хусусий шерик. Давлат хусусий шерикка унинг лойиҳасини амалга ошириш учун давлат кафолатлари ва иқтисодий кўмак тақдим этади. Хусусий шерик эса давлат тақдим этган имкониятлардан фойдаланиб, жамият ва иқтисодиётга наф келтирадиган фаолият билан шуғулланади ва фойда олади.

Семинар давомида тадбиркорларга шу каби имкониятлар, шунингдек, давлат-хусусий шериклиги асосида мактабгача таълим, тиббиёт, маданият, телекоммуникация, транспорт хизматлари, уй-жой ва коммунал хизматлар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, ёқилғи-энергетика саноати, энергиянинг қайта тикланувчи манбалари каби соҳаларда изчил фаолият юритиш мумкинлиги айтилди.

- 2018 йилда маҳалламизда давлат-шериклик асосида 75 ўринли «Меҳрангиз кичкинтой» мактабгача таълим муассасасини ташкил этгандик, - дейди Паст Дарғом туманидаги Темирхўжа маҳалласида яшовчи тадбиркор Рисолат Мамараимова. – Энди 280 ўринли миллий чолғу асбоблари чалиш, тасвирий санъат, драма, ашула ва рақс каби санъат турларини ўргатишга ихтисослашган маданият муассасаси фаолиятини йўлга қўймоқчиман. Бугунги семинарда ушбу муассасани давлат-хусусий шериклик асосида қандай ташкил этиш бўйича зарур кўникмаларни олдим.

Акрам Бўриев.