Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Деҳқон меҳнатининг юксак эътирофи

Самарқанд шаҳридаги “Диёра” базмгоҳида 8  декабрь –Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирга вилоятдаги соҳага тегишли корхона-ташкилот ходимлари, фермер, деҳқонлар, соҳибкор, томорқачи ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг республика қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп йиллик фидокорона меҳнатлари, мўл ҳосил етиштириш, халқимиз ризқ-рўзи ва фаровонлигини ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қўшган салмоқли ҳиссаси, аграр сектордаги ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва давлат дастурлари ижросини таъминлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, илғор агротехнологияларни амалиётга жорий этишдаги улкан хизматлари учун бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги ходимлари “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги аълочиси”, “Илғор фермер”, “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони ҳамда вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва совғалари билан тақдирланди.

Вилоятимиз ва пойтахтдан келган санъаткорлар куй-қўшиқлари байрам тадбирига келган соҳа фидойиларига хуш кайфият бахш этди. Байрам бир пиёла чой устида давом этди. Биз мукофотланганлардан айримларини суҳбатга тортдик.

Абдуқаҳҳор ТОЖИЕВ, Нарпай тумани ҳокими ўринбосари:

- Туманимиздаги 367 та фермер хўжалигининг 222 таси пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган. Улар жорий йилда 10 717 гектар майдонда деҳқончилик қилишди. Эрта баҳордаги ёғингарчиликнинг кўп бўлгани қишлоқ хўжалиги ишларини бироз мураккаблаштирди. Шундай бўлса-да, уста деҳқонлар меҳнати эвазига давлатга пахта сотиш шартнома режасини вилоятимизда биринчилардан бўлиб бажардик. 170 та фермер хўжалигимиз пахта сотиш режасини ортиғи билан бажариб, ўртача ҳосилдорлик 29,8 центнерни ташкил этди. Бундан ташқари, туманимиздаги кластер корхоналарига 1400 гектар ер ажратиб берилган ва унинг минг гектари томчилатиб суғориш тизимига ўтказилган. Бу майдонларда ўртача ҳосилдорлик 38 центнерга етди. Пиллачилик корхоналаримиз ва фермер хўжаликларимиз 210 тонналик режани ортиғи билан бажарди, пиллачилик кластери ташкил этилиб, ипак экспортини йўлга қўяяпмиз. 5690 гектар майдонда ғалла етиштирган деҳқонларимиз вилоятда биринчи бўлиб шартнома режасини ортиғи билан бажаришди. Бунда, албатта, ерга органик ҳамда маҳаллий ўғитларнинг тўғри ишлатилиши ва деҳқонларимизнинг тажрибаси туфайли эришилди. 2020 йилга 5720 гектар майдондаги ғалла тўлиқ ундириб олинди ва иккита ғаллачилик кластери ташкил этилди. Туманимиз деҳон-фермерларининг ана шундай заҳматли меҳнатлари вилоят ҳокимлиги томонидан алоҳида эътироф этилди. 

Асадулла ЖЎРАЕВ, Иштихон туманидаги “ЖАФ” кўп тармоқли фермер хўжалиги бошлиғи:

- Уч йилдирки юртимизда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни алоҳида байрам сифатида нишонланмоқда, бу албатта деҳқонга кўрсатилаётган юксак эҳтиромдир. Кейинги йилларда аграр тармоққа берилаётган эътибор, соҳага замонавий технологиялар, инновацион ғояларнинг жалб этилиши натижасида тармоқда бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Жорий йилда барча йўналишларда давлат шартномаларини ортиғи билан бажардик. Жумладан, 1800 килограмм пилла топширдик, ғалла гектаридан ўртача 73 центнердан, пахта майдонларидан 36 центнердан ҳосил олинди. Аграр соҳадан келаётган даромадлар ҳисобидан нон ва нон маҳсулотлари, тикув цехи ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқларини барпо этдик.

Ўрмонбек МИРЗОҲИДОВ, Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик ва узумчилик илмий тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станцияси директори ўринбосари:

- Узум ва боғдорчиликни мураккаб соҳадан сердаромад соҳага айлантириш сирларини ўрганяпмиз. Бунинг учун аҳоли ва фермерларга мевадан юқори ҳосил олишда кўмаклашиш, янги ва юқори ҳосилли навларни яратиш ишларини олиб боряпмиз. Илмий тажриба станциямизда серҳосил мева ва узум навларини яратиш ҳамда уларни маҳаллий ҳамда четдан келтирилган навларини ўрганиш устида иш олиб боряпмиз. Изланишларимиз натижасида жорий йилда узумнинг “Самарқанд”, “Суғдиёна” ва “Мотурудий” навлари давлат реестрига киритилди. Янги навдаги иккита нок меваси давлат комиссиясига юборилди. Бу навлар ҳосилдорлиги, касалликка чидамлилиги, сифат даражасининг юқорилиги билан олдинги навлардан ажралиб туради. Шу меҳнатларимиз эътиборга олиниб, бугун “Қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирландим.  

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).