Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Депутат дахлсизлик ҳуқуқига эга: Бу унга халқ манфаати йўлида дадил ҳаракат қилиши учун берилган

Алишер Ҳамраев – Олий Мажлиснинг дангал гапирадиган кам сонли депутатларидан бири. Президентлик бошқарувининг дастлабки даврида Ш.Мирзиёев ҳам Парламент депутатлари билан учрашганда Р.Кушербаев, Ш.Полвонов билан бирга уни ҳам алоҳида эътироф этганди.

Самарқандлик сайловчиларга бегона бўлмаган А.Ҳамраев бунгача вилоят суди раисининг ўринбосари бўлган. У билан суҳбатимиз асосан кутилаётган янгиликлар ҳақида бўлди.

- Алишер ака, суҳбатимиз аввалида сиз сайланган ҳудудда аралашувингиз билан сайловчиларни қийнаб келаётган қайси муаммолар ҳал бўлгани ҳақида айтиб берсангиз.

- Парламент қуйи палатасида иккинчи чақириқ ишлаяпман. Буни таъкидлашимдан мақсад

шуки, сайловчиларимни қийнаган ва баҳолиқудрат ҳаракатларим билан ҳал бўлган масалаларни айтиб ўтсам, мақтангандек бўламан. Зотан, ҳал этилган муаммолар кам эмас. Аммо депутатнинг фаолиятига фақат унинг аралашуви туфайли ҳал этилган масалалар сони билан баҳо берилса, бир томонлама ва нохолис бўлади, деб ўйлайман.

Албатта, депутатда халқнинг оғирини енгил қилиш учун имкониятлар (ричаг) бор. Масалан, ижро этувчи ҳокимият тизимига депутат сўрови юбориш, шаҳар, туман ва вилоят Кенгашларида ҳамда Олий Мажлисда у ёки бу масалага халқ вакили ёхуд сиёсатчи сифатида давлат бошқаруви тизими, жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш ва ҳоказо. Аммо Парламент қуйи палатаси депутати аввало, қонун чиқарувчи ҳокимият вакили. У қонунлар билан ишлаши ва ҳар йили энг муҳим қонун қабул қилинаётганда, яъни бюджет қабул қилинаётганда шу қонунга сайловчилар ва халқнинг муаммолари ечими нуқтаи назаридан қараши лозим.

Сайловчиларим муаммоларининг ечими асосан маблағ билан боғлиқ. Маблағлар ажратилса, одамларни қийнаб келаётган масалалар ҳал бўлади. Депутат сифатида бюджет ва унинг қабул қилиниши жараёнини яхши биламан, деб ўйлайман.

Яна бир ҳолатни алоҳида таъкидлашим лозим. Сайлов округимдаги ижро ҳокимияти билан ҳам яхши ҳамкорлик ўрнатишга ҳаракат қиламан. Зотан, “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса, донғи чиқмас”, деб бежиз айтмаган.

- Лекин айрим халқ ноиблари фаолиятидаги сусткашликни уларга бўлаётган босимларнинг оқибати, дейишади. Тажрибали депутат сифатида айтингчи, вакиллик органи аъзолари қандай босимларга учраши мумкин?

- Саволга айтганингиздек, фаолиятимдан келиб чиқиб жавоб беришга ҳаракат қиламан. Чунки мен ҳеч қачон босим ўтказишларига йўл қўймайман. Яъни, ҳамма вақт ўз позициямни аввало, чуқур ўйлаб, аниқлаб оламан ва уни дадил ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан.

Аслида ҳар қандай давлат хизматчисига таъсир қилувчи кучлар бор. Бу табиий жараён. Лекин депутатни ҳеч ким мажбурламайди ва мажбурлай олмайди. Шу ўринда бир гапни айтиб ўтиш лозим, депутат(лар) дахлсизлик ҳуқуқига эга. Аслида шунинг ўзи унга қанчалик катта ваколат берилгани ва айни дамда масъулият юкланганини англатади. Бошқача айтганда, халқ вакили босим ўтказишларига йўл қўймаслиги учун етарлича ҳуқуққа эга.

Келинг, шу масалани яна бир бошқа ракурсдан қараб кўрамиз. Қонунчилик палатаси депутати бунгача муайян лавозим ёки вазифада ишлаган. Унинг ваколат муддати тугагандан кейин ўша лавозимига тикланиши, агар бундай жой бўлмаса, шунга тенглаштирилган лавозимга қўйилиши шарт.

- Алишер ака, билишимизча, сиз Конституцион комиссияга аъзосиз, киритилаётган қайси ўзгартиш ва қўшимчаларни алоҳида аҳамиятли, деб ҳисоблайсиз? Нима учун?

- Йўқ, Конституцион комиссия аъзоси эмасман. Комиссия таркибига нега мени киритишмади, ҳозиргача тушунмайман. Биринчи мутахассислигим бўйича филолог, яъни тилчиман, мактабда ўқитувчилик қилганман, сўз ва жумлалар билан ишлай оламан. Иккинчи мутахассислигим бўйича ҳуқуқшуносман, вилоят ҳокимлиги тизимида юрист, Адлия вазирлиги тизимида бош маслаҳатчи ва судья бўлиб фаолият кўрсатганман.

Кимгадир қайси гапим ёқмаган бўлса, ажабмас. Киши ўз нуқтаи назарида қанча қатъий бўлса ва уни ҳимоя қилса, атрофида уни хуш кўрмайдиган кишилар кўпайиб бораверади. Давлат хизматчиси учун бу одатий ҳол.

Аммо Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар бўйича эълон қилинган ғоя ва нормаларнинг аксариятини қўллаб-қувватлайман. Сенат ва Қонунчилик палатасининг ваколатларини кенгайтиришга доир нормалар мени янада руҳлантиради. Чунки айни пайтда бизда ижро ҳокимияти бошқа ҳокимиятларга нисбатан жуда кучли. Аслида давлат бошқарувидаги кўплаб муаммолар шундан.

Конституцион ўзгартиришлар натижасида қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ваколатларини кенгайтириш ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш орқали ҳокимиятлар ўртасидаги бир-бирини тийиб туриш механизми ишга тушади. Натижада халқ манфаати ёқланади. Албатта, бу ислоҳот жараёни қаттиқ меҳнат ва вақтни талаб қилади.

- Айрим ҳолларда ҳамкасбларингиз, яъни депутатлардан ҳам нолиганингизни кузатганмиз. Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар кучли Парламентни, кучли маҳаллий Кенгашларни, умуман, замонавий қонун чиқарувчи ва вакиллик органларини шакллантиришга хизмат қилиши мумкинми?

- Агар лойиҳага киритилган айрим моддалар қабул қилинса, ҳа, хизмат қилиши керак. Лекин таъкидлаш лозимки, кучли Кенгашлар ҳамда кучли қонун чиқа-рувчи ҳокимиятнинг пайдо бўлиши биргина Конституция нормаларига боғлиқ эмас. Чунки амалдаги Бош қомусимизда демократия чўққисига етган, деб ҳисобланадиган давлатларни ҳам ўзининг халқчиллиги билан ҳайратга соладиган нормаларимиз бор. Аммо шу нормаларда баён этилган соҳалар гуллаб-яшнаб кетмади-ку?!

Демак, қабул қилинаётган нормалар жамиятда ижтимоий муносабатларни тартибга солиш

ва ривожлантиришнинг бир усули. Сиз айтган ҳолат юзага келиши учун қулай шарт-шароит ва битта усулни эмас, тараққиёт ва ривожланиш мақсадида бошқа усуллар-ни қўллашга ўзида куч топадиган жамият ҳам керак.

- Аслида, қуйи палата депутатлари қонун ижодкорлигида норма яратиш, қонунчиликка ўзгартириш ёки қўшимча киритишда сайловчиларнинг талаб ва истаклари, орзу-ўйларидан келиб чиқади. Шу маънода сайловчиларингиз учун манфаатли бўлган қандай ташаббус ёки таклифларни илгари сурганингиз ва натижалари ҳақида айтиб берсангиз.

- Ўрни келганда айтиш керакки, депутатга нисбатан сайловчиларнинг муносабатини бироз ўзгартириш лозим. Биласиз, вакиллик органига сайланган шахс бу газ тортиб берадиган ёки электр муаммосини ҳал қилувчи давлат ходими эмас. Бундай масалалар ижро этувчи ҳокимиятнинг функция ва вазифалари сирасига киради.

Юқорида таъкидлаб ўтдим, у Қонунчилик паталасидами ёки маҳаллий Кенгашда бўладими, депутатнинг асосий иши - бу бюджетни қабул қилиш ва қабул қилинаётганда нафақат ўз сайловчилари, балки халқ манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилишдир.

Тойлоқ сайлов округидан сайланганман. Фаолиятим бошида сайловчиларим билан учрашувларда асосан мактаб ва болалар боғчалари таъмири ва қурилиши, электр тармоғи эскириб кетганлиги масаласи, ичимлик суви ва ички йўллар таъмири, қишлоқ врачлик пунктларининг қурилиши ва таъмирланишига алоқадор муаммолар кўтарилар эди. Хабарингиз бор, булар асосий муаммолар. Биласизми, йилдан-йилга сайловчилар билан учрашувда бу муаммоларнинг кўтарилиши камайиб борди. Демак, муаммолар ўз ечимини топмоқда. Аммо халқни эшитишдан ва муаммоларни босқичма-босқич ҳал этишдан тўхтамаслигимиз керак.

- Қонунлар ҳақида гап кетганда уни такомиллаштиришдан кўра, мавжуд нормаларнинг ижро этилиши муҳим, деган гап бор. Бу табиийки, депутатларга кўпроқ масъулият юклайди. Аммо шунча айтилишига қарамасдан, жойларда ижро ҳокимияти раҳбарлари уни назорат қилувчи органга ҳам раҳбарликда давом этмоқда. Бу ҳолатга қандай қарайсиз?

- Яхши савол. Туман, шаҳар ва вилоятларда ҳокимлар тегишли Кенгашлар раиси ҳисобланади. Бу ҳолат ҳозирги даврда ижро этувчи ҳокимият тизимида турғунликка сабаб бўлмоқда. Тўғри, республикамиз ёш давлат сифатида оёққа тураётган пайтларда бу ўзини оқлаган. Чунки ўша даврда кучли ижро ҳокимияти керак эди. Лекин энди замон ўзгарди, қолган икки ҳокимият ўз ҳуқуқ ва ваколатларини талаб қилмоқда. Фуқароларимиз мустақилликнинг дастлабки йилларида давлатчилигимизни сақлаб қолиш, сиёсий силкинишларга йўл қўймаслик учун ҳуқуқ ва эркинликлари ҳақида камроқ ўйлаганди. Энди жамиятимиз янги тараққиёт босқичига қадам қўйди.

Аслида ҳокимиятларга бўлиниш принципларига мос бўлмаган ҳолат мамлакат Парламентида ҳам кузатилади. Масалан, Олий Мажлис Сенати, яъни юқори палатада ҳам аксарият ижро ҳокимияти вакиллари.Такрор айтаман, Конституцион ислоҳотлар бундай ҳолатларга барҳам бериш баробарида мамлакатимизда демократиянинг янги босқичини бошлаб бериши шубҳасиз. Шу маънода, кенг жамоатчиликдан Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгартиришлар ҳақидаги турли талқинларга берилмасликни ва ундаги ижобий жиҳатларни тўғри қабул қилишларини сўрардим.

- Умуман, ижро масаласида гап кетганда, кўп ҳолларда сусткашлик кузатилаётгандек. Масалан, жорий йилги Давлат дастурида туман ва шаҳарлар-да 4-5 тадан доимий асосда ишловчи депутатлар, яъни ойлик олиб фаолият кўрсатадиган халқ вакиллари бўлиши белгиланган эди. Аммо амалда бу вазифа бажарилмаяпти. Бу ижро ҳокимиятининг вакиллик органига беписандлигими ёки депутатларнинг етарлича талаб қилолмаслиги оқибатими?

- Бу менимча, ижро этувчи ҳо-кимиятнинг айни вақтда ўз қўлида бўлган ҳокимият ва ваколат билан бўлишишни хоҳламаслиги ва балки “молиявий кўрпанинг торлиги”да. Аммо бир нарса аниқ “Ҳеч ким ҳокимиятни бировга мовий ранг ликопчада олиб келиб бермайди”. Ўйлайманки, айни пайтда сўнгги босқичга яқинлашаётган Конституциявий ислоҳот бу масалани узил-кесил ҳал этади. Чунки лойиҳада бунга катта эътибор берилган ва тегишли нормалар аниқ белгиланган.

Яшириб нима қилдик, биз депутатларда ҳам ташаббус етишмайди, ўз устимизда янада кўпроқ ишлашимиз керак. Лекин режалаштирилаётган ислоҳотлар демократик ўзгаришлар, янгиликларга йўл очади, деб умид қиламан. Биргина мисол, илгари Қонунчилик палатаси депутати профессионал қонун ижодкори бўлишига қарамай, бунинг учун етарли шароитлар яратилмаганди. Кейинги даврда Парламент қуйи палатаси депутатларига ёрдамчилар ажратилгани, иш кабинетларида замонавий қулайликлар яратилгани қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятини ривожлантириш йўлидаги қадамлар, деб биламан.

- Суҳбатимиз сўнггида депутат бўлишни орзу қилаётган ёшларга нима деб маслаҳат берасиз?

- Баландпарвоз гапдай туюлиши мумкин. Аммо бу ҳақиқат. Мен судьяликдан Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланганимда аввалги ойлик маошимнинг 30 фоизидан сал кўпроғини олганман. Айтмоқчи бўлганим, Парламент депутатлари иш ҳақи яхши бўлмаган пайтларда ҳам афсусланмаганман.

Табиийки, депутат бўлишни орзу қилаётган ёшлар “шахсий ҳаётдаги қийинчиликларга қарамасдан, кенг жамоатчилик манфаатлари учун меҳнат қила оламанми?”, деган саволга “ҳа”, деб жавоб бера олиши керак. Яна

бир нарса, депутатда кенг қамровли, ҳам диний, ҳам дунёвий илм ва тушунчаларнинг етарли бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Шунда давлат ва жамият ривожида фаол бўлиш мумкин.

Ёқубжон МАРҚАЕВ суҳбатлашди.