Вадим Абрамов: Легионерлар борасида тўғри танлов қилдик, деб умид қиламан
"Динамо" уругвайлик ва словениялик футболчилар билан шартнома имзолади.
"Динамо" жамоасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги ўқув-машғулот йиғини давом этмоқда.
Клуб ахборот хизмати хабарига кўра, Вадим Абрамов бошчилигидаги мураббийлар штаби машғулотларда футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш, жамоага легионер ва кучли маҳаллий футболчиларни жалб қилиш ҳамда турли ишланмалар устида ишламоқда.
Йиғин доирасида жамоа сафига уругвайлик 26 ёшли легионер, марказий ҳимоячи Мауро Бразил ҳамда 28 ёшли словениялик яримҳимоячи Тил Мавретич келиб қўшилди ва улар билан бир йиллик шартнома имзоланди.
Мауронинг сўнгги клуби Уругвай чемпионати вакили "Серро-Ларго" клуби бўлиб, 2025 йилда Клаусурада 5-ўринни эгаллаган. Мауро Бразил ўз вақтида Уругвай U-20 ёшлар жамоаси сафида 10 та ўйинда майдонга тушган. Шунингдек, у Уругвай миллий жамоасига ҳам чақирилган бўлиб, дебют ўйинида Коста-Рикага қарши баҳсда марказий ҳимояда ҳаракат қилган. Мауро Бразил – "Динамо" тарихидаги уругвайлик илк ўйинчига айланди.
Тил Мавретич эса сўнгги уч мавсумни Эстония футболи гранди «Левадия» сафида ўтказиб, чемпионат, кубок, ЕЧЛ ва Европа Конференция лигаси саралаш баҳсларида 102 ўйинда майдонга тушган. Хусусан, сўнгги 2025 йилги мавсумда 30 ўйинда 2 та гол ва 3 та ассист қайд этган.
Марказий яримҳимоячи фаолияти давомида Словениянинг «Интерблок», «Горица», «Табор Сезана», Италиянинг С Серияси вакили «Монополи» клубларида ҳам фаолият юритган.
Шунингдек, Суперлиганинг иқтидорли яримҳимоячиларидан бири Бектемир Абдуманнонов ҳам «Динамо» ПФК билан бир йиллик шартномага имзо чекди. 23 ёшли яримҳимоячи жамоанинг Дубайдаги йиғинида қатнашмоқда.
Абдуманнонов дастлаб «Металлург» ва Ўзбекистон ёшлар жамоалари сафидаги ўйинлари билан танилган бўлса, сўнгги уч мавсумни «Андижон» сафида ўтказди. Хусусан, 2025 йилги мавсумда андижонликлар билан Суперлигада 11-ўринни эгаллаган бўлса-да, Суперлигадаги 30 ўйинда 4 та гол ва 8 та ассист қайд этган.
"Динамо" кеча, 19 январь куни дастлабки назорат баҳсида Қозоғистоннинг "Қайсар" клубига қарши майдонга тушди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бош мураббий Вадим Абрамов ўйиндан кейин тайёргарлик ва легионерлар ҳақида фикрларини билдирди.
- Легионерлар борасида тўғри танлов қилдик, деб умид қиламан, – деди Вадим Абрамов. - Яхши спарринг рақиб бўлди, айнан шундай ўйинлар учун ҳам шу ердамиз. Йигитлар иккинчи бўлимда яхши ҳаракат қилиб, ўз ишларини қилишди. Бу менга ёқди. Эҳтимол, илк дақиқадаёқ гол урганимиз сабаб рақибнинг кучига тўғри баҳо бера олмадик. Иккинчи бўлим назоратимиз остида ўтди. Янги ўйинчилар ҳақида айтадиган бўлсам, майдонга тушган ҳар бир футболчи ўзига билдирган ишончни оқлади, дейиш мумкин. Ўйлайманки, легионерлар борасида тўғри танлов қилдик. Уларнинг айримлари ҳали спорт формасида эмас, аммо ҳаракатиданоқ улар ўйнай олишини сезиш мумкин.
Дубайдаги йиғин 29 январга қадар давом этади ва ўқув-машғулот йиғини доирасида жамоа таркиби кучайтирилиб, Қозоғистон ва Россия клубларига қарши беллашувлар ўтказилади.