Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Доцентнинг ўзини “Ўрта Осиёдаги кам сонли ветеринария фанлари докторларидан бириман”, дейиши нокамтарлик

Жорий йилнинг 3 октябрь куни “Sizdan telegram” каналида эълон қилинган Самарқанд ветеринария медицинаси институти доценти М.Маматованинг мурожаати бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

Муборак Маматова айни кунда Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг эпизоотология, микробиология ва вирусология кафедраси доценти лавозимида, тўлиқ штат бирлигида ишлайди. Бунгача у институтнинг сиртқи бўлими бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган ва ўз аризасига биноан вазифасидан озод этилган.

М.Маматованинг докторлик диссертацияси ҳимояси учун институт раҳбарияти томонидан етарлича шароит яратиб берилган. Диссертация маълумотларини тайёрлаш ва чоп эттириш учун “ноутбук” билан таъминланган ва унга бир ой меҳнат таътили берилган.

Ҳимоядан сўнг тадқиқот натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш ёки институтга инвестиция киритиш бўйича М.Маматова томонидан бирор марта мурожаат қилинмаган. Институтда эълон қилинган грант лойиҳаларида ҳам у ҳеч қачон иштирок этмаган.

Доцент М.Маматованинг ўзини “Ўрта Осиёдаги кам сонли ветеринария фанлари докторларидан бириман”, дейиши ҳам нокамтарлик ва ахлоқ қоидаларига зид. “Таълим сифатини оширишга уринганим учун тазйиққа учрадим” дегани эса бўҳтон.

М.Маматованинг 83 ёшли онасини институт ректори, хотин-қизлар қўмитаси, касаба уюшмаси ва бошқа мутасаддиларнинг ҳеч бири кўрмаган ва онахон билан мулоқотда бўлмаган. “Қаматиб юбораман”, деб таҳдид қилиниши ҳақидаги уйдирма ҳам куракда турмайдиган туҳмат. “Тазйиқ” ўтказилганлиги ҳақида институт хотин-қизлар қўмитасига ва бошқа мутасаддиларнинг ҳеч бирига М.Маматова томонидан мурожаат қилинмаган.

Институтнинг эпизоотология, микробиология ва вирусология кафедрасида 2 та лаборатория мавжуд. Ҳар иккиси ҳам замон талаблари даражасида жиҳозланган (АҚШ ва Япония технологиялари асосидаги янги замонавий ўқув-лаборатория жиҳозларининг умумий қиймати 1 миллиард сўмни ташкил этади). Микроскоп ва проекторлардан дарс жараёнларида мунтазам фойдаланиб келинмоқда. Вилоят лабораторияси эса институт ҳудудига яқин масофада жойлашган (йўлнинг қарама-қарши томонида, 100 метр). Унга автобусда боришга ҳожат йўқ. Узоқроқ хўжаликларга бориш учун институт томонидан автобус ажратилган.

Жорий йилнинг 24 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг зиёлилар билан учрашувидан сўнг институт ректори Х.Юнусовнинг талабига кўра, институтга 3 та янги автобус ажратилиши маълум қилинган.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, М.Маматова юқоридаги важлар бўйича республикамиздаги масъул идораларга бир неча марта (бир ойда 6 марта) мурожаат қилган. Унинг мурожаатлари бўйича ҳар сафар турли ташкилотлар мутасаддиларидан иборат махсус ишчи гуруҳ томонидан текширишлар ўтказилиб, аризада кўрсатилган бандларнинг ҳеч бири ўз исботини топмаган.

Шунга қарамасдан, институт маъмурияти томонидан М.Маматовага бир штат бирлигида дарс соатлари ажратиб берилди. Оилавий шароити, институтда 20 йилдан буён ишлаётгани инобатга олиниб, зиёлиларга хос бағрикенглик билан унинг идораларга қилаётган асоссиз мурожаатларига кўз юмиб келинмоқда.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ахборот хизмати.