Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дунё шахмат юлдузлари Самарқандга келади

25-31 декабрь кунлари Самарқанд шаҳри шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.

Конгресс-марказ мезбонлик қиладиган йилнинг энг асосий шахмат мусобақасида қатнашиш истагида бўлган шахматчилар, ФИДЕ тизимидаги раҳбарлар, мулозимлар, ҳакамларни рўйхатдан ўтказиш 11 декабргача узайтирилди. Беш кунлик жаҳон чемпионати дунёнинг энг кучли гроссмейстерларини қўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида жамлайди.

Эътиборлиси, Самарқандга блиц ва рапид бўйича амалдаги жаҳон чемпиони, норвегиялик афсонавий шахматчи Магнус Карлсен ҳам келади. Шунингдек, Гукеш Доммараджу (Ҳиндистон), Винсент Кеймер (Германия), Шаҳрияр Мамедияров (Озарбайжон), Ян-Кшиштоф Дуда (Польша), Ю Янги (Хитой), Левон Аронян (АҚШ), Максим Вашье-Лаграв (Франция), Даниил Дубов (Россия) сингари собиқ жаҳон чемпионлари ҳам Ўзбекистонга келишларини тасдиқлашган.

Табиийки, жаҳон юлдузлари қаторида рапид йўналишида 2021 йилги жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов Самарқанддаги нуфузли мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида уч нафар амалдаги жаҳон чемпионлари Самарқандга келади: Цзюй Вэньцзюнь (Хитой, классик шахматда жаҳон чемпиони), Тан Чжунъи (Хитой, рапид йўналишида жаҳон чемпиони) ва Бибисара Асаубаева (Қозоғистон, блиц йўналишида жаҳон чемпиони).

Шунингдек, собиқ жаҳон чемпионларидан Александра Горячкина (Россия), Катерина Лагно (Россия), Хампи Конеру (Ҳиндистон), Харика Дронавалли (Ҳиндистон), Александра Костенюк (Швейцария) ва бошқа кўплаб таниқли аёл гроссмейстерлар юртимиз мезбонлигида ўтадиган жаҳон чемпионатида дона суришади. 

Тадбирлар рўйхати қуйидагича:

- 25 декабрь — Жаҳон чемпионатининг очилиш маросими;

- 26-28 декабрь — Рапид бўйича турнир;

- 29-30 декабрь — Блиц бўйича турнир ҳамда ёпилиш маросими.

Маълумот учун: Рапид ва блиц бўйича ФИДЕ жаҳон чемпионати 2012 йилдан бери мунтазам ўтказиб келинади. Эркаклар ўртасида блиц ва рапид йўналишида Магнус Карлсен амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланади. Аёлларда эса Тан Чжуньи (Хитой) рапид, Бибисара Асаубаева (Қозоғистон) эса блиц йўналишида жаҳон чемпиони бўлиб турибди.

Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Жаҳон чемпионатининг умумий мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Умумий суммадан 700 000 доллари эркаклар, 300 000 доллари эса аёллар ўртасидаги мусобақа ғолиб ва совриндорлари ўртасида мукофот пули сифатида тақсимланади.