Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дунёдаги энг кичик мамлакатлар

Ҳар бир кичик мамлакатнинг ўзига хос ютуқлари бор. Ушбу мақолада митти бўлса-да, давлат мақомига эга, кенглиги билан мақтана олмайдиган дунёдаги энг кичик мамлакатлар ҳақида билиб оламиз.

Ватикан

Ватикан дунёдаги энг кичик давлатлар ўнталиги рўйхатида биринчи ўринда туради. Бу бор-йўғи 0,44 квадрат километр майдонга эга ва уларнинг ҳеч бири Ватикан фуқаролигига эга бўлмаган 840 нафар аҳоли истиқомат қиладиган мамлакатдир. Давлат чегарасининг узунлиги атиги 3,2 километрни ташкил қилади. Ушбу кичик мамлакат 852 метрлик темир йўл линиясига эга. Қизиғи, Ватикан деярли ҳеч қандай никоҳ ва бола туғилиши қайд этилмайдиган мамлакат.

Монако
Монако Ватикандан кейинги энг кичик мамлакатдир. Мамлакат дунёда аҳолиси энг зич жойлашган давлатлардан бири ҳисобланади - у ердаги 2,02 квадрат километр майдонда 35 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Қуруқлик ва денгиз чегараларининг умумий узунлиги 9 километрни ташкил этади. Ушбу мамлакатнинг барча кўчаларини айланиб чиқиш учун бир соатдан зиёдроқ вақт керак. Яна бир қизиқарли маълумот: Монакода дунёда бир кишига энг кўп полициячилар сони тўғри келади, 35 минг аҳолига 500 нафар қонун посбони хизмат қилади. Шунингдек, бу давлатни бойлар паноҳи деб аташ мумкин: аҳолининг 80 фоиздан ортиғи солиқ тўламайдиган чет элликлардан иборат.

Науру

Науру дунёдаги энг майда давлатлар орасида учинчи ўринни эгаллайди. Мамлакат узунлиги 5,5, кенглиги эса 4 километр бўлган оролда жойлашган бўлиб, республиканинг умумий майдони 21,3 квадрат километрни, аҳолиси эса 11 минг кишини ташкил қилади. Науру дунёдаги расмий капиталга эга бўлмаган ягона давлатдир. Шунингдек, бу давлат дунёда пиво тайёрланмайдиган йигирмата давлат рўйхатига киритилган.

Тувалу

Тувалу 26 квадрат километр майдонда жойлашган. Тувалу аҳолиси тахминан 12 минг кишини ташкил этади, уларнинг ярми давлат пойтахти Фунафути шаҳрида яшайди. Тувалу дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан биридир. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ушбу оролда жойлашган давлат атиги 30-50 йил ичида бутунлай Тинч океани сувлари остида қолиши мумкин.

Сан-Марино

Энг қадимий конституциявий республика ҳисобланган Сан-Марино 61 квадрат километрни эгаллайди. Аҳолиси эса 32 минг киши. Қизиқ томони, мамлакатнинг Сан-Марино ташкил этилган кундан бошлаб тарихни ҳисоблайдиган ўз тақвими бор, шу сабабли ҳозирда у ерда XVII аср. Дарвоқе, Сан-Марино дунёдаги энг бой давлатлардан бири ҳисобланади.

Лихтенштейн

Лихтенштейн – 160 квадрат километрда жойлашган давлат. Ушбу мамлакат аҳолиси сони 34 минг кишини ташкил этади, уларнинг учдан бир қисми чет элликлардир. Бу мамлакат дунёда аҳоли жон бошига даромадлари бўйича дунёда энг юқори кўрсаткичга эга.

Маршалл ороллари

34 оролнинг жойлашуви тахминан 2000 йил олдин содир бўлган Маршалл ороллари – Тинч океанининг энг кичик давлати ҳисобланади. Мамлакат майдони 181 квадрат километр, аҳолиси эса 62 минг киши. Маҳаллий аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 72 ёш.

Сент Киттс ва Невис

Мамлакат икки оролда жойлашган ва 261,1 квадрат километр майдонни эгаллайди. Аҳолиси 90 фоиз африкаликлардан иборат ушбу Кариб денгизи мамлакатининг фуқаролари тахминан 50 минг кишини ташкил этади.

Сейшель ороллари

Сейшель ороллари 455 квадрат километрни эгаллайди ва у ерда 81 минг киши истиқомат қилади. Мамлакат пойтахти Виктория дунёдаги энг кичик пойтахт-шаҳар ҳисобланади.

Мальдив ороллари

Майдони 298 квадрат километр, аҳолиси 396 минг киши бўлган Мальдив ороллари Осиёдаги энг кичик мамлакатдир. Аҳолининг учдан икки қисми пойтахт Мале шаҳрида истиқомат қилади. Республика дунёдаги энг ясси мамлакат ҳисоблангани боис “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилган. Бундан ташқари, ороллар энг барқарор иқлимга эга.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.