Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дунёдаги ғаройиб дарахтлар

#Ӯқинг_қизиқ!

Дарахтлар дунёси жуда бой ва хилма-хилдир. Баъзида бирор бир манзара тасвирига назар ташласак, у бизга рассомнинг илмий фантастика фильми ёки китоби учун чизилган ихтироси бўлиб туюлгандек бўлади. Шубҳасиз, дарахтларнинг ҳар бир тури ўзига хос тарзда ноёбдир, бироқ 100 мингдан ортиқ навлар орасида чинакам ғайриоддий вакиллар борки, уларнинг ёнидан ҳайратланмасдан ўтиб бўлмайди. Ушбу мақоладан ғайриоддий шакллари, гуллари ёки мевалари билан ажралиб турадиган ажойиб дарахтлар ҳақида билиб оламиз.

Баньян

Ҳиндистонда ўсиб боргани сари ҳақиқий ўрмон ҳосил қиладиган дарахт бор. Баньяннинг марказида жойлашган асосий қалин танасидан бир неча йирик новдалар чиқиб кетиб, улардан ўсган ингичка куртаклар ерга қараб чўзилади,  етиб олиб, илдиз отади ва кенгликда ўса бошлайди. Асосий тананинг ўлчамига тенг бўлгач, бу куртаклар шохлана бошлайди. Энг қадимги баньян уч минг йилдан кўпроқ вақт давомида яшаб келмоқда, унинг баландлиги 60 метрга етадиган 3 мингга яқин юпқа ва 3 минг энли таналари мавжуд.

Колбасали дарахт

Экваториал Африканинг саванналари бўйлаб юриб, ўпка-жигар колбасасига ўхшаш мевалари бўлган баланд дарахтларга дуч келиш мумкин. Мазали кўринишига қарамай, улар истеъмолга яроқсиз. Маҳаллий аҳоли кагелия деб номланадиган фойдали дарахтларнинг қуритилган меваларидан ёқилғи ва бўёқ олади, уруғлари эса тиббиётда қўлланилади. Аборигенлар дарахт меваларини сувга солиб, ёввойи асалари асали қўшиб, ундан салқин ичимлик тайёрлайди.

Ҳаёт дарахти

У 400 йилдан ортиқ вақтдан бери Баҳрайн чўлида ўсади ва кўп километрлик масофадаги ягона тирик ўсимлик ҳисобланади. Ажабланарлиси, дуккакли мескит (mesquite) дарахти тўғридан-тўғри сувдан бемалол фойдалана олиш имкониятига эга эмас. Олимлар унинг қандай омон қолиши ҳақида бош қотиромоқда: улар дарахт илдизлари ерга шунчалик чуқур кириб борганки, ҳали аниқланманган ер ости дарёсига етиб борган бўлиши мумкин, дейди. Бошқа бир тахмин фанга номаълум бактериялар Ҳаёт дарахтига намликни тупроқдан чиқариб бериши ҳақида сўзлайди.  Чўлнинг барча шароитларига қарамай, бу ёлғиз акация ўсишда давом этмоқда ва сайёҳлар учун машҳур диққатга сазовор жойларнинг бирига айланган.

Аждаҳо дарахти

Қизил драцена сифатида ҳам танилган бу дарахт Ҳинд океанининг Сокорта оролида ўсади. Ташқи кўринишидан ўсимлик очилган катта соябонга ўхшайди. Аждаҳо дарахти ўз номини маҳаллий аҳоли томонидан жуда қадрланадиган қон-қизил рангли шарбати туфайли олди. У эрта баҳорда гуллаб, игна шаклидаги новдаларида оқ ёки оч яшил рангдаги хушбўй попук гуллар пайдо қилади.

Инсон яратган мўъжиза

Америкалик рассом битта дарахтда 40 дан ортиқ турли хил данакли меваларни етиштиришига муваффақ бўлди. Шубҳасиз, бундай мўъжиза ҳар қандай мева шинавандасини қувонтириши бор гап. Баҳорда дарахт пушти, нилуфар, оқ, малина ва бинафша каби турли хил рангдаги гуллар билан кўзни яйратади ва ёзда мева беради. Фазаларнинг ўзгариши калейдоскопни эслатади. Ҳозирча дарахтлар кичик, уммо улар аллақачон шахсий коллекциялар ва музейларда етиштирилмоқда.

 “Замбарак ўқи”

Ўсимликнинг номи ғайриоддий мевалардан келиб чиққан бўлиб, ташқи кўриниши тўпга ўхшайди. Дарахт жуда серҳосил: ҳар йили ўсимлик деярли бутун танани қоплаб, диаметри 20 сантиметрдан иборат икки юздан ортиқ ядро ҳосил қилади.

Дарахтга яқинлашиш, унинг остида туриш қатъиян ман этилади: оғир мевасидан бошга кучли зарба олиш хавфи жуда катта. Пастга тушганида парчаланиб, кар бўладиган даражада шовқин чиқаради. Мевасининг рангсиз суюқлиги, қуёшда кўк рангга айланади ва жуда ёқимсиз ҳид тарқатади. Бу ҳид аллергик реакцияга олиб келиши мумкин.

***

Бутун дунё бўйлаб сон-саноқсиз дарахтлар ўсади. Биз фақат ёнимиздагиларга ўрганиб қолганмиз, уларга ўхшамайдиганлари эса ғалати туюлади. Уларни кўрганимизда ҳайратланамиз ёки бефарқ ўтиб кетаверамиз. Шубҳасиз, ҳар бир дарахт - табиатнинг ўзига хос дурдона асаридир ва биз бу табиий санитарлар чиройидан нафақат завқланишимиз, балки уларни асраб-авайлашимиз ҳам керак.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.