Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Электрнинг 90 фоизи газ ва кўмир ёқишдан олинади

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Жойларда энерия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш” мавзусида видеоконференцалоқа шаклида ўқув-семинар ўтказилди.

Республикамизда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш жуда долзарб масала ҳисобланади. Чунки углеводородли ёқилғилар - кўмир, газ, нефть захиралари камайиб бормоқда. Энергияга бўлган талаб эса ўсмоқда. Табиийки, бу муқобил энергияга эҳтиёжни кучайтирмоқда. Юзага келадиган энергия етишмовчилиги ўрнини қоплаш учун муқобил энергия турларини кенг жорий этиш зарур.

Хусусан, қуёш энергияси йўналишида вилоятимизда катта ишлар амалга оширилмоқда. Нуробод туманида 100 миллион кВтли қуёш станциялари қурилиб, ишга туширилди. Бу ерда яна 100 миллион, Каттақўрғон туманида 200 миллион кВтли ҳамда Чўпонота массивида 100 миллион кВтли қуёш станциялари қурилиши олиб борилмоқда. Яқин келажакда Самарқандда 500 миллион кВтли станциялар қурилади.

Президентимизнинг 2022 йил 10 сентябрдаги “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан муқобил энергия турларини жорий этган субъектларга бир қатор енгилликлар ҳам берилди.

- 2022 йил 1 октябрдан жисмоний шахслар мамлакатда ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станциялари ва қуёш сув иситкичларини уч йил мобайнида фоизсиз бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олишлари мумкин, - дейди Энергетика вазирлиги департаменти директори Музаффар Ҳакимов. -  Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларнинг қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилишини молиявий рағбатлантириш, маъмурий-маиший бино ва иншоотларда, шу жумладан, аҳоли массивлари ва хонадонларида муқобил энергия манбаларини қўллаш чоралари кўрилади. Ҳозир мамлакатимизда электр энергиясининг 90 фоизи газ ва кўмир ёқиш ҳисобига олинади. Бу саноқли давлатлардагина мавжуд ёмон кўрсаткич ҳисобланади. Табиий ресурслар ҳам чекланган. Шу боис, муқобил энергияни ривожлантириш бугунги куннинг долзарб масаласига айланди.

Таққослаш учун, Ўзбекистон энергия сиғими кўрсаткичи бўйича 147 давлат орасида 74 ўринда. Ишлаб чиқарилаётган барча энергия ресурсларининг 40 фоизи бино ва иншоотларни иситиш ва совутиш учун ишлатилмоқда. 1 квадрат метр жойни иситиш учун 395 кВт. соат электр энергияси сарфланмоқда. Нидерландияда эса бу кўрсаткич 95 кВт. соатни ташкил қилади.  

Йил якунига қадар вилоятдаги 432 та ҳокимлик, ташкилот ва муассасалар маъмурий ва ёрдамчи биноларига, 1951 та сектор раҳбарлари, ташкилот ва муассасалар бошқарув тизимидаги раҳбар ходимларнинг яшаш манзилларига қайта тикланувчи технологиялар ўрнатилади. Дафтарларга киритилган 600 нафар аҳоли хонадонига  360 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 246 та қуёш сув иситиш ускуналарини ўрнатиш режалаштирилган.

Ҳозиргача қуввати 14547 кВт соат бўлган жами 804 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 190 та сув иситиш ускунаси ўрнатилди. Жумладан, 150 та қуёш фотоэлектр станцияси ташкилот ва муассасаларнинг маъмурий ва ёрдамчи биноларига (34,9 фоиз), 97 таси сектор раҳбарлари, ташкилот ва муассасалар бошқарув тизимидаги раҳбар ходимларнинг яшаш манзилларига ўрнатилди. 550 дан ортиқ аҳоли хонадонига ҳам қуёш фотоэлектр станцияси ва 200 га яқин сув иситиш ускуналари ўрнатилди.

Семинарда вилоят ҳокими ўринбосари А.Шукуров ҳозирда вилоятимиздаги кичик гидростанциялардан 50 миллион кВт электр энергияси олинаётганини билдирди. Масъулнинг таъкидлашича, 2021-2022 йилларда 6 та кичик гидростанция қурилиб, 250 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Ў.Худойбердиев.