Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эмлаш 95 фоиз бўлган мамлакатда эпидемия тарқалиши кулгили

Гепатит А га қарши эмлаш мажбурий эмас. Аммо эмланган бола оила бюджетига вакцина баҳосидан кўра уч-тўрт баравар кўпроқ фойда келтиради. Самарқандда қизамиққа чалинганлар сони кўпайиб кетди, мазмунидаги хабарлар ёлғон экан.

Шу каби маълумотлар ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази, соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган семинарда айтилди. Самарқандда «Бола соғлиги, хусусан иммунизация масалаларини ОАВда ёритиш» мавзусидаги семинар тренингда вилоят ва республика ОАВида ишлаётган журналистлар иштирок этди. Вилоят ДСЭНМ бошқармаси вакиллари журналистларга эмлаш ва унинг аҳамияти масаласида фикрларни билдиришди.

- Яқинда ижтимоий тармоқларда вилоятда қизамиқ эпидемияси тарқалганлиги ҳақидаги хабарлар нафақат республика, балки хорижда ҳам кенг тарқалиб кетди, - дейди вилоят  ДСЭНМ бошқармаси бўлим бошлиғи Қиличбек Қўлдошев. - Ваҳоланки, ушбу хасталикка чалиниш шу йил давомида 29 та ҳолат аниқланган. Бу ҳолатни эпидемия дейишнинг ўзи катта хато. Ушбу хасталикка чалиниб, шифокор вафот этди, мазмунидаги хабарлар ҳам асосланмаган, миш-мишдир. Афсуски, хабар тарқалгач, унинг нотўғрилигига ишонтириш жуда қийин кечди. Мамлакатимизда вакцинация ишлари тизимли тарзда олиб борилади, ҳар йили 95 фоиз болалар ўз вақтида 12 турдаги касалликларга қарши эмланади. Айтиш керакки, ушбу касалликларнинг беш турига қарши вакцинация  2001 йилдан бошлаб босқичма босқич эмлаш календарига киритилган. Барчаси бепул ва сифатли амалга оширилади.

Шунингдек, семинар давомида  журналистларга иммунзация масалаларни ёритишда ОАВнинг ўрни, ёлғон хабарларни тарқатиш ва унинг оқибатлари, фейк хабарлар бўйича Журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренерлари томонидан машғулотлар олиб борилди.

- Қонунчилигимизда туҳмат учун жазо чоралари бор, ёлғон хабар тарқатишга эса афсуски, тегишли чоралар кўзда тутилмаган, - дейди тренер Наргис Қосимова. – Айниқса, ижтимоий тармоқларда бундай фейк, ёлғон хабарларнинг тарқалиши, баъзида ҳатто расман ахборот тарқатадиган интернет нашрларнинг ҳам бу хабарларни улашиши кузатилади. Журналистлар бу масалада эҳтиёткор бўлишлари, ўқувчи сони йиғаман, дея аҳолига нотўғри маълумот тарқатиши ахборот майдонидаги обрўйига путур етказишини тушуниб етишлари керак.

Гулруҳ МЎМИНОВА,

“Zarnews.uz” мухбири.