Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Энди ер участкаларини ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш мумкин(ми?)

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 13 августдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги ЎРҚ-552-сонли Қонунига асосан юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи фақат ушбу объектларнинг мулкдорларига тегишли эканлиги ва кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш ушбу ер участкаларида жойлашган кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш билан бирга амалга оширилиши белгиланди.

Мазкур қонунга кўра, ер участкаларини хусусийлаштириш объектлари қуйидагилардан иборат:

- юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкалари, шунингдек, уларга туташ бўлган, ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур ўлчамлардаги ер участкалари;

- Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкалари;

- бўш турган ер участкалари;

- Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига берилган ер участкалари;

Қонунга кўра, қуйидаги ер участкалари хусусийлаштирилмайди:

- тасдиқланган ва эълон қилинган режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари;

- рўйхати қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган, хусусийлаштирилмайдиган фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ер участкалари;

- табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек, ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар);

- хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;

- эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари;

Хусусийлаштириш бўйича ариза ер участкаси жойлашган ердаги туман (шаҳар) ҳокимининг номига давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.

Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия ариза олинган кундан эътиборан ўн иш куни ичида уни кўриб чиқади ва ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентга мувофиқ ўз ижобий ёки салбий хулосасини тузади.

Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг хулосаси туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ёки уларни хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги тегишли қарорини қабул қилиш учун асос бўлади.

Кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкасини хусусийлаштириш учун тўловнинг миқдори юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ҳамда хусусийлаштириладиган кунда тегишли ерлар учун белгиланган ер солиғи ставкасининг каррали миқдорларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тўлов миқдорини белгилашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ер участкаларининг юридик ва жисмоний шахсларнинг айрим тоифаларига, шу жумладан, ер солиғини тўлашдан озод қилинган юридик ва жисмоний шахсларнинг айрим тоифаларига нисбатан табақалаштирилган коэффициентларни белгилашга ҳақли.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мазкур қонуннинг қабул қилиниши хусусийлаштирилган ер участкасига юридик ва жисмоний шахсларнинг давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда ўз хоҳишига кўра ва ўз манфаатлари йўлида эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш, шу жумладан, ундан гаров предмети сифатида фойдаланиш, юридик шахснинг устав капиталига (устав фондига) ҳисса сифатида киритиш, ижарага бериш, хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилиши бартараф этилишини талаб қилиш, хусусийлаштирилган ер участкасида мустақил равишда хўжалик юритиш, уй-жой, ишлаб чиқариш, маданий-маиший ва бошқа иморатлар ҳамда иншоотларни қуриш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, мазкур Қонун 2020 йил 1 мартдан эътиборан кучга киради.

Феруз Каримов,

Тайлоқ туманлараро иқтисодий судининг судьяси.